Хитойда террорчиликда айбланган 13 уйғур ўлимга ҳукм этилди

Давлатнинг Синхуа агентлигига кўра, маҳкама шарқий шинжонлик 13 шахсни "террор ҳужумлари"да айбдор деб топиб, ўлимга ҳукм қилган.

Ўлимга маҳкум 13 кишидан саккиз нафари ўтган йил октябр ойида Тянанмэн майдонида содир этилган портлашни уюштирганликда айбланган.

Қолган яна учтаси 2013 йил июнида Пекинда юз берган автомобил ҳалокатига алоқадорлиги айтилган.

Судланганларнинг ҳаммаси этник уйғурлардир.

Маҳкама уйғурларни бутун мамлакат бўйлаб, жумладан Шинжоннинг Урумчиси ва Хитой ғарбидаги Кунмин вилоятидаги бир нечта ҳужумларни амалга оширганликда айблаган.

Улар "террористик гуруҳларда иштирок этиш, қотиллик, ўт қўйиш, ўғирлик ва портловчи моддаларни тайёрлаш, сақлаш ва ташиш каби жиноятларни содир этганлар", деб хабар беради Синхуа.

"Судланувчилардан уч нафари Шинжоннинг Луққун минтақасидаги полиция биноси, меҳмонхона, ҳукумат биноси ва бошқа жойларга ҳужум уюштирган. Ҳодисада 24 полициячи ҳалок бўлган, 23 киши тан жароҳати олган", деб қайд этади агентлик.

Шинжондаги хабарларни ҳукуматнинг қаттиқ назорати туфайли мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Бундан ташқари яна уч маҳкум Тянанмэн майдонидаги портлашда қатнашган, деб топилган.

Ўтган йил октябр ойида Тянанмэн майдонига кирган автомобил оломонга бориб урилган ва портлаш натижасида икки сайёҳ ҳамда машинадаги уч киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланганди.

Синхуа ахборот агентлигига кўра, портлашни амалга оширган, деб ишонилган Ҳусанжон Вуҳур, Юсуф Умарниёз ва Юсуф Аҳмат "террорчилик гуруҳини тузиш ва бошқариш билан жамоатчилик хавфсизлигини хавф остига қўйганликлари" айтилган.

Ҳодисаларга алоқадорлик билан маҳкамага юз тутган беш уйғурга узоқ муддатли қамоқ жазолари берилган.

Уйғур фаоллари ўзларини террорчилик гуруҳга алоқаларини рад қиладилар. Қувғиндаги етакчилар Хитой "бўлгинчилар" деб атайдиган мусулмон уйғурлар томонидаги хавф бўрттирилиши, бу ҳукуматга уйғур миллатининг диний ва маданий эркинлигини таъқиб қилиш амалларини оқлаш учун кераклигини таъкидлашади.

Сони 10 миллион атрофидаги уйғурлар Хитой ҳукумати томонидан қаттиқ босим остига олинганларидан норозилик билдириб келадилар. Расмий Пекин бу даъволарни рад қилади. Бироқ деярли ҳар ой бир қанча уйғур эркаклари террорчиликда гумонланиб ушлангани ва маҳкамага келтирилгани кузатилади.

Ўтган май ойида Хитой ҳукумати Қозоғистон билан чегарадаги Йили тумани стадионида минглаб томошабинлар қаршисида терроризм, бўлгинчилик ва қотилликда айбланган 55 уйғурга нисбатан сазойи маҳкама ўтказган ва уларга ўлим жазоси берган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.

Бу мавзуда батафсилроқ