Покистон жангариларга қарши ёппасига курашга журъат қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Кобул ҳам Вашингтон ҳам Покистон ҳарбийларидан Ал-Қоида ва Толиблар қолдиқларининг Афғонистон билан чегарадош ҳудудлардан тозалаш ҳақида анчадан бери талаб қилиб келади.

Покистон Бош вазири Навоз Шариф Шимолий Вазиристондаги қабилалар истиқомат қиладиган ҳудудларда ҳарбий амалиётлар бошлаш ҳақида буйруқ берар экан, бутун мамлакат бўйлаб шаҳару қишлоқлар ҳушёрлик ҳолатига келтирилган.

Армия қўмондони генерал Раҳил Шариф чиқарган баёнотга кўра, қабиладош ҳудудлардаги “барча террорчилар ва уларнинг қароргоҳлари йўқ қилинади”.

Аммо бу масалада турфа саволлар ўртага чиқмоқда...

Ҳозирда ҳарбийлар фақат учоқлар билан бу ҳудудларни бомбардимон қилишмоқда, пиёда қўшинлар минтақага яқин йўлаганларича йўқ.

Ҳаво ҳужумлари Марказий Осиёдан келган жангарилар, хусусан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Покистоннинг Толибон ҳаракатини нишонга тутмоқда.

Ҳар иккала гуруҳ ҳам Покистон ҳукуматини душман санайди.

Асосан Афғонистонга ҳужумлар уюштириб келган Ҳаққоний тармоғи ва Вазиристондаги икки жангари гуруҳнинг тақдири нима бўлади?

Уларга қарши ҳарбий амалиётлар йўлга қўйиладими?

Улардан бири Ҳафиз Гул Баҳодир гуруҳидир.

Бу гуруҳ Шимолий Вазиристонни назорат қилади.

Айни гуруҳ ўз ҳудудидан нафақат Ҳаққоний тармоғига, балки Покистон Толиблари ва Яқин Шарқ ҳамда Марказий Осиёдан келган жангариларга ҳам бошпана бергани маълум.

Мулла Назир гуруҳи эса Жанубий Вазиристондаги Вана минтақасини назорат қилади.

Бу гуруҳ ҳам ўз амалиётларини Афғонистонга қаратиб келади.

"Дўстона террорчилар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Жангарилар ҳам бўш келаётгани йўқ

Иккала гуруҳ ҳам Покистон билан тинчлик келишувини имзолашган.

Аммо яқинда Ҳафиз Гул Баҳодир гуруҳи агар Исломобод ўз минтақасини бомбардимон қилишда давом этса, унда бу келишувни бекор қилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Бошқа бир масала эса Покистоннинг Афғонистон Хўст вилояти билан чегарасидан ўз кучларини олиб чиқиб кетиши билан боғлиқ.

Икки ҳафтадан бери бу чегара қўриқланмайди.

Шимолий Вазиристон маркази Мироншоҳдаги мулозимларга кўра, аксар жангарилар ўшандан бери Афғонистонга ўтиб кетишган.

Воқеалар ривожига эътибор берилса, Покистон ўзи истамаган гуруҳларни Афғонистонга қувиб чиқармоқчи бўлаяпти.

Бу йўлда Покистон армияси минтақадаги “дўстона” жангари гуруҳларни ортиқ хафа қилишдан хавотирда экани ҳам англашилади.

Айни фикрларни минтақадаги мулозимлардан бири изҳор этди.

Покистондан қувилган жангарилар эса Хўстга боргач, у ерда қайтадан куч тўплаб бирлашадилар, бу каби ҳолат Сватдан қувилган жангарилар билан ҳам бўлган эди.

Улар Афғонистоннинг Кунар ва Нуристон вилоятларига ўтишиб яна бирлашган эдилар.

Аммо Кунар ва Нуристонга қувилганлар Афғонистонга тўғридан-тўғри ҳужум қилишга жуғрофий жиҳатдан мушкулликларга дуч келишган бўлса, Хўст вилоятига кўчажак жангарилар эса Кобулни бемалол нишонга олишлари мумкин.

Аксарият жангарилар Хўст вилоятидан бошпана топар экан, кузатувчиларга кўра, улар кўпроқ Афғонистонга қарши ҳужумларга эътибор қаратишади, аммо айрим унсурлар яна Покистонга қайтиши мумкин.

Покистонда қолаётган “дўстона” жангари гуруҳлар тақдири нима бўлади?

Аслида айрим кузатувчилар Толибларнинг қўллаб-қувватланиши сабаби Покистоннинг сиёсати билан боғлиқ дейишади.

Яъни,Толиблар томонидан Кобул ишғол қилинса бу билан Покистон ўзининг ашаддий рақиби Ҳиндистоннинг қўшни мамлакатдаги қадамларини “қирқиб” қўяди.

Бу даъволарни Исломобод доим рад қилиб келади.

Аммо сўнгги пайтлар жангари гуруҳларни қўллаб-қувватлаш Покистонга қимматга тушаётган кўринади.

Айрим гуруҳлар шу қадар “бебош” бўлишганки, улар Покистон манфаатларига зид йўл тутишмоқда.

Эндиликда Исломобод бу “қувилган” жангариларни яна ўз ҳудудига сизиб кирмаслиги учун жиддий чора-тадбир кўришни режалаган.

Сўнгги амалиётлардан ҳам мақсад шу – жангари гуруҳларни қайтиб Покистон ҳудудларига киритмасликдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ