Ироқда жангарилар нефт корхонасига ҳужум қилишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жангарилар Ироқдаги энг йирик нефтни қайта ишловчи иншоотни минамёт ва автомат қуроллар билан нишонга олишган. Хабарларга кўра, иншоотга икки йўналишдан ҳужум қилинган.

Хавфсизлик ва маҳаллий манбаларнинг айтишларича, пойтахт Бағдоддан 210 чақирим узоқда жойлашган Байжи шаҳарчасидаги корхонанинг бир қисмидан тутун кўкка ўрлаган.

Ҳукумат кучлари Бағдодга яқинлашиб келаётган жангариларга қарши янги ҳаво ҳужумлари уюштирганлар.

Рамадида ҳам жанглар кечгани хабар қилинади.

Ироқ ҳукумати Дияла ва Салоҳиддин вилоятларида ҳам "Ироқ ва Шом исломий давлати" гуруҳи ва унинг сунний иттифоқчиларига қарши курашмоқда. Ўтган ҳафта гуруҳ жангарилари мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар Мосул назоратини қўлга киритишганди.

Бош вазир Нури ал-Маликий сунний мусулмонлар ва курд раҳбарлари билан телевизионда чиқиш қилиб, миллий бирдамликка чақирган. Шу билан бирга улар ҳукуматга алоқадор бўлмаган кучлардан қуролларини ташлашни талаб қилишган.

Аммо, Би-би-си мухбири Жим Муйрнинг Ироқ шимолидаги Ирбил шаҳаридан хабар қилишича, бу каби чақириқ у қадар таъсирли бўладиган кўринмайди. Чунки, жаноб Маликийнинг ўзи Ироқ қўшинлари билан бир қаторда жанг қиладиган шиа мусулмонларидан иборат қуролли гуруҳни ташкил қилишга ҳомийлик қилган.

Ўтган ҳафта жангарилар ҳужуми бошланганидан бери юзлаб одамлар ўлдирилди. Кўплари "Ироқ ва Шом исломий давлати" жангчилари тарафидан қўлга олинган аскарлар экани ва улар омма кўз ўнгида отиб ташланганига ишонилади.

Жорий ҳафта Бақуба шаҳри учун жангларда полиция идорасида номаълум сабаблар билан 44 маҳбус нобуд бўлган.

Ҳодисаларнинг бошқа ривожида:

*Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрон Ироқдаги муқаддас зиёратгоҳларни "миссионерлар, қотиллар ва террорчилар"дан ҳимоя қилишдан иккиланмаслигини айтган.

*Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Сауд бин Файзал Ироқ ички урушлар ёқасига бориб қолганидан огоҳлантирган.

*АҚШ Президенти Барак Обама Конгрессдаги Ироқ бўйича расмийлари билан йиғин ўтказиши кутилади.

*Британия Бош вазири Девид Камерун чоршанба куни ўзининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан Ироқдаги инқирозни муҳокама қилиш учун учрашган. У "Ироқ ва Шом исломий давлати" гуруҳи Британия учун ҳақиқий таҳдид эканини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002.