Украина оташкесимга рози

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Владимир Путин ва Пётр Порошенко мулоқотлари осон кечадиган эмас

Украина президенти Пётр Порошенко телефон орқали Владимир Путин билан гаплашиши ортидан бир тарафалма бўлса ҳам оташкесимга тайёр эканлигини айтиб чиқмоқда.

Суҳбат тафсилотлари аниқ эмас. Аммо мавзуси - Украина шарқида қуролли бўлгинчилик ҳаракатларини олиб бораётган россияпараст кучлар ва Киев ўртасидаги инқирозга барҳам бериш эди.

"Интерфакс-Украина" хабар агентлигига кўра, Пётр Порошенко оташкесим ортидан тезда тинчлик режаси ишлаб чиқилишини истаяпти.

Киевда журналистларга қарата гапирган Украина президенти россиялик "миссионерлар" чиқиб кетиши учун "қисқа фурсатли" оташкесим ўрнатилишини маълум қилган.

Бироқ бу жараён қачон бошланиши номаълум. Украина президенти воизига кўра, оташкесим "бир неча соат ва ё бир неча кун ичида" эълон қилиниши мумкин.

Украинадан ажралиб чиқишни истаётган рус бўлгинчилари мамлакат шарқида қуролли низоларга киришишган. Тўқнашувлар оқибатида ҳарбийлар, журналистлар ва тинч фуқаролар ҳам қурбон бўлишмоқда.

Ғарб ва Киевдаги ҳукумат бу уруш учун Россияни айблаб, Москва рус жангариларига ёрдам бермоқда, дейишади.

Бироқ Кремль ўз ўрнида Киевдаги ҳукуматни фашизмни ёйиш ва рус миллатига мансуб аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини мунтазам камситиб келишда айблайди.

Украина жануби ва шарқида рус миллати вакиллари жипс яшашади.

Баҳордаги референдум ортидан эса Россия Қримни қўшиб олганди.

Бунинг ортидан жанубий, айниқса, шарқий Украинада яшовчи руслар орасида бўлгинчилик кайфиятлари ўта кучайган.

Лекин Киевнинг ишонишича, Украинанинг Оврўпога тўлиқ интеграциялашувини истамайдимган Кремль бу мамлакатдаги рус бўлгинчиларини ҳар тарафлама қўллашда давом этмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ