Ироқ инқирози: Жангарилар муҳим нефт иншоотини эгаллашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Муҳим нефт иншооти жангарилар назорати остида

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Ироқ Курдистони раҳбарияти билан музокаралар учун Ирбил шаҳрига борган пайтда “Ироқ ва Шом Исломий давлати(ИШИД)” жангари гуруҳи Байжи нефтни қайта ишлаш заводини тўла назоратларига олганини эълон қилган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 23 июн куни Бағдодда Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий ва бошқа раҳбарлар билан мамлакатдаги вазият ва бундан кейин кўрилиши лозим бўлган чораларни муҳокама қилган.

Ироққа эълон қилинмаган ташриф билан борган жаноб Керри Ироқ хавфсизлик кучларига АҚШ дастагини ваъда қилган.У Бош вазир Нури ал-Маликий, Шиа, Сунний ва Курд раҳбарлари билан мулоқотларда Ироқдаги барча мазҳаблар ва сиёсий кучларни тақдим этадиган ҳукумат барпо этишга чақирган.

Акс ҳолда Ироқнинг ягона бир давлат сифатида мавжудлиги хавф остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Америка давлат котиби билан музокаралардан кейин Бағдоддаги сиёсий раҳбарлар шу ой охиригача барча тарафларни қамраган ҳукумат тузиш бўйича “ҳаётий муҳим” қадам ташлашга ваъда берганлар.

Пойтахт Бағдоддан шимолда жойлашган Байжи нефтни қайта ишлаш мажмуасини 10 кундан буён қамалга олиб турган “Ироқ ва Шом Исломий давлати(ИШИД)” Сунний жангарилар жиҳодий гуруҳи заводни тўла назоратига олгани ҳақида хабар тарқатган.

Гуруҳ сўзчиси айтишича, энди заводни бошқаришни маҳаллий қабила вакилларига беришади ва ўзлари Бағдод томон юришларини давом эттиришади.

Би-би-си мухбири Жим Муирга кўра, Байжи заводини қўлга киритиш ИШИД жангарилари ҳаётий аҳамиятга эга, чунки энди улар ўз назоратларига олган ҳудудларни ёқилғи билан таъминлаш имкониятига эга бўладилар.

Ироқдаги ёқилғининг учдан бир қисмини Байжи нефтни қайта ишлаш корхонаси таъминлайди. Шу боисдан аллақачон мамлакатда бензин танқислиги кузатилган.

Ҳозирга келиб ИШИД Ироқнинг шимоли ва ғарбида катта ҳудудни, жумладан, Сурия ва Иордания билан чегаралардан ўтиш нуқталарини назорат қилмоқда.

Бу жангариларга оғир техника ва қуролларини эркин ҳаракатлантириш имконини беради.

Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Мосул июн ойи бошида “Ироқ ва Шом Исломий давлати” жангарилари қўлига ўтган эди.

Мосуллик йигитнинг айтишича, "шаҳарда аҳвол аввалгидан яхши, илгари ҳамма жойда ҳарбийлар бўлган бўлса, ҳозир муаммо йўқ, йўллар очиқ, фақат бензин етишмовчилиги сезилади. Жангарилар нархларни ошмаслигини назорат қилиб туришибди".

Бағдодлик кишига кўра, пойтахтда одамлар қўрқувда, кўчага кам чиқишади, Рамазон ойи олди озиқ овқат ва бензин нархи ошган.

Одамлар таҳликада нима бўлишини кутишмоқда, дейди у.

Бағдодда жангарилар ташвиқотига йўл қўймаслик учун ҳукумат томонидан интернетга тўсиқлар мавжуд.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ