Украина инқирози: Порошенко тинчлик режасини маълум қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина оммавий ахборот воситаларига кўра, Президент Петр Порошенконинг Шарқий Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган 14 қисмдан иборат тинчлик режасининг эълон қилиниши кутилмоқда.

Бу хабар жаноб Порошенконинг Россия Президенти Путин билан телефон мулоқотидан сўнг тарқалган.

Киевдаги Би-би-си мухбири Дэвид Стерннинг айтишича, тинчлик режасининг бир қанча деталлари ҳозирдан маълум.

Тинчлик режаси ҳокимиятни марказлашмаган тизимга ўтказишни ваъда қилади ва ҳукумат кучлари ҳамда бўлгинчилар жанг қилаётган Украина шарқида зудлик билан қуролсизланишга чақиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

У шунингдек, маҳаллий ва парламент сайловлари олдидан Украина ва Россия чегарасида 10 чақиримлик буфер ҳудуд ташкиллаштиришни мўлжаллайди.

Порошенко аллақачон тинчлик режаси амал қилиши учун бир томонлама оташкесим киритишини маълум қилган.

Бироқ россияпараст бўлгинчилар оташкесим ҳақидаги музокараларга қарамасдан, Донецк вилоятида жангларни давом эттирмоқчи эканликлари айтилмоқда.

Шу ҳафта бошида Порошенко қисқа келишув бўлишини айтган, унга кўра, Донецк ва Луганск вилоятларида бўлгинчилар қуролсизланишларига муҳлат бериши кўзда тутилганди.

Исёнчилар қуролларини топширишни рад қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хабарларга кўра, Донецк вилоятида армия ва бўлгинчилар ўртасида жанглар кетмоқда.

Ўт очишни бир томонлама тўхтатиш, тинч музокаралар, минтақаларнинг мухториятларини кенгайтириш, рус тилини ҳимоя қилиш ҳам бу режалар сирасига киради. Айни вақтда иккинчи томоннинг муносабати бўлмаганда бу режаларнинг қандай амалга оширилиши номаълум.

Россия ҳам бир-бирига қарши муждалар юбориб турибди. Президент Путин Порошенко таклифига ижобий муносабат билдирган.

Бироқ Украина ва Ғарб расмийлари Москва чегарада қўшинларини йиғаётгани ҳақида айтганлар. Оғир техника иштирокида россиялик жангарилар эканлиги гумон қилинган гуруҳининг Украина чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабарлар чиққан.

Порошенко, албатта, бу воқеликдан хабардор бўлиши аниқ. Ва унинг тинчлик режаси омадсиз тугаса, яқин келажакда яна нималарни кутиш мумкин бўлади?-дейди Би-би-си мухбири.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Украина расмийларининг билдиришича, пайшанба куни кечқурун Красний Лиман шаҳри яқинида жангарилар билан тўқнашувда 12 аскар ҳалок бўлган, 25 таси яраланган.

Ҳукумат кучларига кўра, ушбу тумандаги амалиётларда 300га яқин бўлгинчи ўлдирилган. Бироқ бу рақамлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Шу билан бирга, Луганск вилоятида бўлгинчилар ва ҳарбийлар ўртасида қисқа келишув бўлиб ўтган, томонлар ўлганларнинг жасадини алмашганлар.

Бундан ташқари, НАТО Россия қўшинларининг Украина чегарасидан ўтгани ҳақида хабар тарқатган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков президент "Россия чегараларини қўриқлаш чораларини кучайтириш"га буйруқ берганини айтган, лекин Россия қўшинларининг чегарада кўпайганини рад қилган.

Порошенконинг Тинчлик режаси жума куни расман эълон қилиниши керак.

Украина президенти шунингдек, 27 июнда Оврўпо Иттифоқи билан иқтисодий келишув шартномасини имзолаш ниятидалигини айтган.

Келишувнинг сиёсий қисми Бош вазир Арсений Яценюк ва Овроиттифоқ раҳбарлари томонидан март ойида имзоланганди.