Ироқнинг қатор нуқталарида қақшатқич жанглар давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ироқнинг қатор ҳудудларида “Ироқ ва Шом Исломий давлати” гуруҳи жангарилари ва ҳукумат қўшинларини дастаклаётган гуруҳлар ўртасида қақшатқич жанглар бораётгани ҳақида хабарлар олинган.

Ироқнинг Байжидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш корхонаси, мамлакат шимолидаги Тал Афар шаҳри аэропорти атрофида жанглар кечган.

Сунний жангарилар Байжи нефтни қайта ишлаш заводини ҳам, Тал Афар қўналғасини ҳам назоратларига олганларини хабар қилганлар.

Байжи заводи яқинида Ироқ армиясига тегишли икки тикучар уриб туширилгани ҳақидаги Сунний жангариларнинг хабарини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ироқ расмийлари эса Байжи заводини жангарилар қўлидан тортиб олишга муваффақ бўлганларини айтмоқдалар, бироқ корхона атрофидаги ҳудудларни Сунний жангарилар ўраб турганлари айтилади.

Айни пайтда АҚШ исёнчиларга қарши курашда кўмаклашиш учун Ироққа 300 тача ҳарбий маслаҳатчи юборишини маълум қилган.

Президент Барак Обама АҚШ Ироққа қўшин юбормаслигини айтган, бироқ агар кўмак сўралса, жангариларга ҳаво ҳужумлари уюштирилиши мумкинлигини айтган.

Аммо америкалик ҳарбийлар ҳаво ҳужумларини ташкил қилиш учун ўзларида етарли истиҳборот маълумотлари йўқлигини айтганлар.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Ироққа сафар қилиши кутилмоқда.

Унинг мамлакатдаги барча рақиб мусулмон мазҳабларнинг вакилларини тақдим этадиган ҳукумат тузиш мақсадида Ироқ раҳбариятига босим ўтказишга ҳаракат қилади, дейилмоқда.

Бош вазир Нури ал-Маликийни Сунний мусулмонларга қарши сиёсат юритишда айбламоқдалар.

Айнан Маликийнинг сиёсати туфайли айрим Сунний қуроллилар жиҳодчи "Ироқ ва Шом Исломий давлати" деб номланган гуруҳга бориб қўшилганлар.

Мамлакат бўйлаб Шиа мусулмонлари кўнгилли аскар бўлиб, ҳукумат қўшинларини дастаклайдиган гуруҳларга аъзо бўлишмоқда.

Шиа кўнгиллилари Шиа мусулмонлари учун муқаддас саналадиган Самарра шаҳрини ҳимоя қилиш учун Дияла вилоятига юборилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ