АҚШ Украинадаги бўлгинчиларга қарши жазо чораларини киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тун оша бўлгинчиларнинг украин қўшинларига қарши ҳужумлари давом этган

Украина шарқидаги танглик давом этаркан, Қўшма Штатлар бўлгинчиларнинг раҳбарларига қарши жазо чораларини киритди.

Уларнинг банк ҳисоблари музлатилади, Америка фуқаролари ва ширкатларига улар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланади.

Жазо чоралари рўйхатида Луганск "халқ ҳокими" Валерий Болотов, "Донецк Халқ Республикаси"нинг мудофаа вазири Игор Гиркин ҳамда ДХР Олий кенгашининг раиси Денис Пушилинлар бор.

Бундан ташқари, АҚШнинг жазо чоралари ДХР бош вазирининг биринчи ўринбосари Андрей Пургин, Славянскнинг собиқ "халқ ҳокими" Вячеслав Пономарев, Севастопол ҳокими вазифасини бажарувчи Сергей Меняйло ва Украина православ фуқаролари иттифоқи раиси Валерий Кауровларга нисбатан ҳам қўлланади.

Жанговар шайлик

Ғарб давлатлари Россияни Украинадаги тангликни кучайтиришда айблашган ва Москвага қарши қўшимча жазо чоралари билан таҳдид қилганлар.

Москва бу даъволарни рад этади.

Тун оша исёнчилар украин қўшинларига қарши қатор ҳужумларни амалга оширишган.

Украин матбуотига кўра, кўплаб аскарлар яраланган.

Айни пайтда Президент Путин Россиянинг марказий ҳарбий округидаги қўшинларни жанговар шай ҳолатга келтиришга буйруқ берган.

Жанговар шайлик бир ҳафта давом этади.

Ҳарбий машқлар Украина чегараси яқинидаги рус қўшинларига таъсир қилмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Порошенко бўлгинчиларга бир ҳафта муҳлат берган

Сўнгги ойларда Путин қўшинларнинг жанговар шайлигини текшириш учун бир неча шунга ўхшаш буйруқларни берган.

АҚШ Россия бўлгинчиларни ҳарбий техника, жумладан, танклар билан таъминлаётгани ва Украина билан чегарада қўшин тўплаётганини айтади.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи бундан аввал март ойида, Россия Қримни қўшиб олган пайт жазо чораларини киритганди.

Тинчлик режаси

Россия ҳам, бўлгинчилар ҳам Украина Президенти Петр Порошенконинг бир томонлама ўт очишни тўхтатиш чақириғини рад этишган.

Оташкесим Порошенко илгари сурган тинчлик режасида биринчи қадам бўлиши керак эди.

Жаноб Порошенко исёнчиларга қуролларини ташлаш учун бир ҳафта муҳлат берган.

Ушба муҳлат маҳаллий вақт билан жума куни соат 22 дан кучга кирган.

Украина Президентининг тинчлик режаси шунингдек, шарқий минтақаларга кўпроқ ваколатлар бериш, муддатидан илгари сайловлар ўтказиш ҳамда Украина ва Россия чегарасида 10 чақиримлик буфер ҳудуди яратишни ўз ичига олади.

Аммо бўлгинчилар қуролларини ташлаётганининг белгилари йўқ.

Исёнчилар қўмондони Украина қўшинлари шарқий минтақалардан чиқиб кетмагунича қуролларини ташламасликларини айтган.

Кремл оташкесимни "тинчлик ва музокараларга даъват эмас, балки ултиматум" дея рад этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02