Афғонистон: сайловларда қаллобликларга "ишора" этувчи аудиотасмалар ошкор этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистонда ошкор этилган аудиотасмаларда президентлик сайловларининг муҳим иккинчи давраси мобайнида гўёки расмийлар томонидан қаллобликларга қўл уришга ундаётганликлари қайд этилган.

Ҳақиқийлигини мустақил манбалардан тасдиқлаш мушкул бўлган ушбу аудиотасмалар Хавфсизлик Хизмати томонидан ёзилган, дея ишонилмоқда.

Аудиотасмларни номзодлардан бири Абдулло Абдулло томони тақдим этган, аммо манбасини ошкор этмаган.

Афғонистон тарихида муҳим дея кўрилган сайловларнинг иккинчи давраси мобайнидаги қаллобликлар борасида шикоятлар ҳам жаноб Абдулло ва ҳам унинг рақиби Ашраф Ғани томонидан янграган.

Аудиотасмлардан аён бўлишича, Сайлов комиссиясининг юқори лавозимли расмийси номзодлардан бири Ашраф Ғани манфаати йўлида иш тутган.

Ашарф Ғани тарафдорларининг айтишларича, маҳкама қарорисиз ҳар қандай сўзлашувни ёзиб олиш ноқонунийдир ва бу ҳолат юзасидан текширув ўтказилмоғи лозим.

Би-би-си эшитишга муваффақ бўлган ёзувларда сайлов расмийси Зиё ул-Ҳақ Амирхейл билан камида тўрт вилоятдаги ходимлар ўртасидаги сўзлашув қайд этилган.

Унда гўёки жаноб Амирхейл сайлов қутиларини қалбаки варақалар билан тўлдиришга ишора қилиб, "қўйнинг ичини тўлдириб келинг, бўш олиб келманг", дея кўрсатма беради.

Ушбу ёзувларда сайлов қутиси ва сайловчиларга ишора қилиниб "қўй" ва "эчки" иборалари бир неча маротаба қўлланган.

Яна бир сўзлашув мобайнида Афғонистон шимоли-шарқий вилоятидаги бир сайлов ходими "бизнинг оффисда "бошқалар" аксариятни ташкил қиляпти", дея "шикоят" қилади.

Бунга жавобан жаноб Амирхейл "уларни йўқот, қўлингга таёқ олиб, ҳайдаб сол", дейди ва "этник озчиликлардан ёлла" деган маслаҳатни беради. Бу Ашраф Ғани тарафдорларидир, деган тахминни уйғотади.

Бу ёзувларнинг нусхалари ҳозирда Президент девони ва Мустақил Сайлов Комиссияси эътиборига тақдим этилган.

Жаноб Абдулло томонидан сайловлар давридаги баҳсли масалаларни ечишда ёрдам беришга даъват этилган БМТ ҳам ушбу ҳолатдан бохабар этилган.

Ўтган ҳафта давомида Мустақил Сайлов Комиссияси жаноб Амирхейлни ўз вазифасидан четлатиш борасида босим остида эди.

Чунки унинг сайловлар куни полиция унинг овоз бериш қутиларини бир жойдан бошқа жойга ташиганидан шубҳаланганди ва бу борада мамлакат телевидениесида хабар берилган.

Жаноб Амирхейлнинг ўзи Би-би-си нинг ушбу ҳолатларни шарҳлаб бериш сўровларини жавобсиз қолдирган.

Ушбу ёзувлар борасида ҳозирда кўплаб саволлар туғилмоқда: Уларни ким ёзган? Нима учун айнан ҳозир ошкор қилинмоқда? Сайловлар давридаги "қаллоблик"нинг далили сифатида қабул қилиниши мумкинми?

Доктор Абдулло тарафдорлари аудиотасмларни омма эътиборига ҳавола қилган, лекин унинг ўзи кўринмай кетди. Ўтган ҳафта мобайнида эса баёнотларни изҳор этишда анчайин фаол эди.

У сайловлар расмийлари билан ҳамкорлигини тўхтатиши ҳақида билдириб, эълон қилинган ҳар қандай натижаларни қабул қилмаслигини маълум қилган.

Якшанба куни Кобулда унинг тарафдорларининг намойишлари бўлиб ўтган.

Афғонистон тарихида муҳим дея кўрилган сайловларнинг иккинчи давраси мобайнидаги қаллобликлар борасида шикоятлар ҳам жаноб Абдулло ва ҳам унинг рақиби Ашраф Ғани томонидан янграган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ