Миср: "Ал-Жазира"нинг уч мухбири етти йилга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мисрдаги маҳкама "Ал-Жазира" телеканалининг уч журналистини етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Мухбирлар Питер Гресте, Муҳаммад Фаҳмий ва Баҳир Муҳаммад Мисрдаги тақиқланган исломий "Мусулмон Биродарлар" ҳаракати манфаатлари учун ёлғон маълумотлар тарқатганликда айбдор деб топилган. Судланувчилар ўзларига қўйилган айбларни рад қилишган.

Яна 11 киши сиртдан судланган, жумладан уч нафар хориж журналистига 10 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Журналистлар устидан маҳкаманинг сиёсийлаштирилгани айтилиб, бутун дунёда норозиликлар билдирилган. Ҳимоячиларга кўра, маҳкамада судланувчиларнинг айбларини кўрсатувчи тайинли далилларнинг ўзи йўқ.

Маҳкама қарори ўқиб эшиттирилгач, панжара ичидаги судланувчилар ва залда ўтирган яқинлари томонидан норозилик ҳайқириқлари янграган.

Судланганлардан бири австралиялик Питер Гресте муқаддам Би-би-сида ишлаган.

Австралия Ташқи Ишлар вазири Жулия Бишоп маҳкама ҳукмидан "ҳафсаласи қаттиқ пир бўлган"ини айтган мухбирларга.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон ҳам чиқарилган қарордан бутунлай "шок"ка тушганини билдирган. Британия Ташқи Ишлар вазирлиги Миср элчисидан маҳкама ҳукми тўғрисида изоҳ беришни сўраган.

Журналистлардан иккитаси Британия фуқаролари ҳисобланишади.

Бундан олдинроқ "Ал-Жазира"нинг бошқа мухбири Абдулла Шамий қамоқда беш ойлик очликдан сўнг соғлиги ёмонлашгач, озодликка чиқарилганди.

Миср ҳукумати қароргоҳи Қатарда жойлашган "Ал-Жазира" телеканалини Мисрдаги воқеаларни "Мусулмон Биродарлар" манфаатларидан келиб чиқиб ёритишда айблаб келади.

Мисрнинг демократик сайланган президенти Муҳаммад Мурсий ҳарбийлар томонидан ағдарилгач, 2013 йил июлда Қоҳирадаги "Ал-Жазира" оффисида полиция тинтув ўтказган ва бир қанча техника воситаларини олиб кетган.

Мисрнинг яқинда сайланган президенти Абдулфаттоҳ Сиси сайловларда ғолиб чиқса, "Мусулмон Биродарлар" ҳаракатини ва унга тарафдорларни тўлиқ йўқотишга ваъда берганди.

Охирги бир неча ой ичида "Мусулмон Биродарлар"нинг юзлаб аъзолари устидан маҳкамалар бўлиб ўтди, уларнинг аксариятига ўлим жазолари тайинланди.

Якшанба куни Мисрга ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Президент Сиси билан учрашувида журналистлар ишини қайта кўрилишига чақирган.

Мисрдаги маҳкама мамлакатда оммавий ахборот воситаларига цензура кучайгани манзарасида бўлиб ўтган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02