Ўш-Эркеч-Том йўли очилди, лекин намойишчилар талаби ўзгармади

Қирғизистон бош вазир ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев бошчилигида ҳукумат вакиллари қарийб бир ойдан бери Ўш -Эркеч-Том йўлини ёпиб ўтирган намойишчилар билан учрашганлар.

Музокаралардан сўнг, Қирғизистон парламенти депутати Аҳматбек Келдибеков тарафдорлари Ўш -Эркеч-Том йўлини очишга рози бўлишган.

Шу билан бирга, улар коррупцияга алоқадорликда айбланаётган депутат Келдибековни уй қамоғига чиқариш талабини давом эттиришмоқда.

Расмийлар келишмовчиликни тинчлик йўли билан ҳал қилишга ундаган, ҳамда Аҳматбек Келдибеков жиноий иши бўйича маҳкама ҳали бир қарорга келмагани ва депутат тарафдорлари маҳкама қарорини кутишлари кераклигини айтган.

"Маҳкама қарорини кутинглар, намойишчилар талаблари қондирилмаса, кейин яна норозилик намойишини давом эттириш мумкин", - деган бош вазир ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев тўпланганларга.

Шу йилнинг 17 май куни Бишкек шаҳрининг Октябр тумани маҳкамасининг қарори билан Келдибековни қамоқда сақлаш муддати яна бир ойга узайтирилган.

Маҳкама қароридан сўнг депутатнинг Олой водийсидаги ҳамқишлоқлари дарҳол Ўш-Эркеч-Том серқатнов йўлини тўсиб олишган эди.

Қирғизистон парламенти депутати ва "Ота-Журт" фирқаси фаоли Аҳматбек Келдибеков ўтган йилнинг 22 ноябрида ҳибсга олинган ва айни дамда Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов ҳибсхонасида сақланяпти.

Олий Кенгашдаги баъзи ҳамкасбларининг билдиришича, Келдибековнинг саломатлиги ёмонлашган ва у касалхонада кичик жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.

Ахматбек Келдибеков Ижтимоий ва Нафақа жамғармаларини бошқарган пайтида лавозимини суистеъмол қилганлик ва порахўрликда айбланмоқда.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ