Украина: Оташкесин ғояси чиппакка чиқдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY

Шахсан ўзи тинчлик режаси ташаббуси билан чиққан президент Петр Порошенко ўз қуролли кучларига бўлгинчиларнинг ҳужумларига жавобан ҳеч иккиланмай ўт очишга буйруқ берди.

Бу ҳақда Украина президенти матбуот хизматининг ўзи хабар бермоқда.

“Ичкаридаги жангарилар томонидан муттасил равишда бузиб келинаётгани боис, давлат раҳбари оташкесинни муддатидан илгари бекор қилиш эҳтимолини назардан соқит этмаётир”, - дейилади уларнинг расмий билдиришномасида.

Агар, президент маъмурияти келтираётган расмий маълумотларга таянилса, тинчлик режаси тадбиқ этилганидан буён исёнчилар ҳукумат ҳарбийларини 35 бор ўққа тутишган.

24 июн куни Украина Қуролли кучларига қарашли вертолётни уриб тушириб, 9 кишининг умрига зомин бўлишган.

Петр Порошенко энди 25 июн куни Олмония канцлери Ангела Меркел, Франция Президенти Франсуа Олланд ва Россия раҳбари Владимир Путинлар билан телефон анжумани ўтказишни режаламоқда.

Унинг умид қилишича, ушбу мулоқот ортидан, “Россия ёлланма жангариларни қуролсизланитириб, Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетади”.

Президент Порошенконинг ушбу сўзлари ҳам матбуот хизматининг расмий баёнотида келтирилган.

Ҳаммаси қуруқ гапми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аввалроқ ўзбошимча “Донецк Халқ республикаси”нинг раҳбари Александр Бородай сулҳу мадорага боришдан ҳеч бир маъни йўқлигини баён қилганди.

Ҳеч ким томонидан амал қилинмаётгани боис, Украина шарқида оташкесин режаси иш бермайдиган кўринади.

Президент Петр Порошенко нега қарши ўт очиш қарорига келгани сабаби маълум эмас.

Лекин халқнинг норозилиги қандайдир ҳарбий жавобга ундаган омил бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин.

Агар, Украина ҳукумати яна куч қўллашга борса, бўлгинчилар ва уларнинг иттифоқчилари ҳам худди шундай йўл тутишлари ва вазият яна оловланиши эҳтимоли йўқ эмас.

Бўлгинчиларнинг оташкесинга рози бўлишларидан бор-йўғи кун ўтиб, нега яна иғвога учганликлари сабаби ҳам номаълум.

Аммо, нима бўлганда ҳам, мавжуд ҳолат бир неча ойлик зўравонликлар ортидан, Украина шарқида тинчлик ўрнатиш ғоясининг хаёлий эканига ҳам далолат қилиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

РИА Новости эса, жаноб Бородайнинг, “Биз жанг қилишда давом этамиз. Кеча кечқурун Кучма қилган таклифга келсак, бу, менимча, халқаро ҳамжамиятнинг кўзини чалғитиш учун қилинган бир иш. Худди ўша куни Оврўпо Иттифоқи билан битим имзоланиши боис, Киевга ҳам 27 июнгача оташкесин амалда эканини намойиш этиб лозим бўлган. Рақиб Донецкни ишғол этишга ҳозирлик кўрмоқда”, - деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Шу ҳафта душанба куни эса, ўзбошимча “Донецк халқ республикаси”нинг раҳбари можарога тинч йўл билан ечим топишга қаратилган музокараларда бўлгинчилар 27 июнга қадар оташкесинга рози эканликларини баён қилганди.

Сешанба куни кечқурун эса, Украина шарқида, Славянск шаҳри биқинида Украина Қуролли кучларига қарашли Ми-8 вертолети уриб туширилганди.

Ҳодиса оқибатида уч экипаж аъзоси ва олти ҳарбий ҳаётдан кўз юмганди.

Нато Бош котиби Россияни "ўз зиммасига олган халқаро масъулиятларини ҳурмат қилмаслик"да айблаб чиққан.

Расмий Москва эса, бўлгинчиларни қуроллантириб, уларни дастаклаётганига оид Украина ва Ғарбнинг даъволарини рад этиб келади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, шу йил апрел ойидан буён Украина шарқида 420 дан ортиқ киши ўлдирилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ