Ғойиб бўлган Малайзия учоғини қидириш ҳудуди янгиланди

Австралия расмийлари эълон қилишларича, 239 йўловчиси билан ғойиб бўлган Малайзия учоғини Ҳинд уммонида қидириш ҳудуди ўзгартирилган.

Энди Австралиянинг ғарбий соҳилларидан 1800 километрча узоқликдаги уммон туби ўрганилади, бу жойлар аввал қидирув амалиётлари олиб борилган ҳудуддан жануброқда жойлашган.

Австралия ҳукумати йўловчи учоғини қидиришга бағишланган янги ҳисобот эълон қилган.

64 саҳифадан иборат ҳисоботда қидирув ишлари Ҳинд уммонининг янги ҳудудида ўтказилиши лозимлиги ҳақида тавсия берилган.

7 мартдан 8 мартга ўтар кечаси Малайзиянинг Куала-Лумпур аэропортидан Пекинга парвоз қилган йўловчи учоғи бедарак йўқолган, ўшандан буён амалга оширилган қидиришлар бирор бир натижа бермаган.

Апрел ойида Ҳинд уммони тубидан “Боинг” учоғининг “қора қути”сидан келаётган сигналлар деб Австралиядан ғарбдаги сувли ҳудуд қидирилган, бироқ қидирувчиларга кўра, сигналлар учоққа тегишли бўлмаган.

Австралия расмийлари ишонишича, денгизга қулашидан олдин учоқ “автопилот” режимида парвоз қилган.

Шу сабабли ҳам учоқ халқаро парвозларнинг “жанубий йўналиши” деб кўриладиган йўналишда парвозини давом эттирган бўлиши мумкин.

Энди қидириш мўлжалланаётган ҳудуд ўша йўналиш бўйлаб давом эттирилиши ҳақида айтишган Австралия расмийлари.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ