Путиннинг Украина "бошоғриғи"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Путин ўзи нимани истайди?

Ўтган март ойидаги ҳодисаларга назар ташлайлик. Президент Путин рус аскарларининг иштирокини рад эта туриб, Қримни Россия ҳудудига қўшиб олди.

Украина билан чегара ҳудудларига ўн минглаб қўшинлар юборилди.

Жаноб Путин Виктор Янукович Украинанинг қонуний президенти эканлигини таъкидлади.

Муваққат Украин ҳукуматини эса нео-фашистлар деб, Киевнинг эрта сайловлар режасини рад этди.

Устига устак, агарда Украинадаги русийзабонлар хавф остида қолишса, қўшин тортиб бориш билан пўписа қилди.

У қўлидаги қудрат мавқеидан гапираётган ва Россиянинг кучини кўрсатиб қўйиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланаётгандек эди.

Ўша воқеалардан 3 ой ўтиб манзара ўзгача. Путиннинг оҳанги ўзгача… Ҳозирда у нимани истайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россия президенти яқин-яқинларгача Украинадаги ҳодисаларга рус аскарлари аралашагнлигини рад этиб келганди.

Бурилиш

Жаноб Путин рус аскарларининг Қримдаги ҳодисаларда иштирокини тан олди. Ҳатто улардан баъзиларини қаҳрамонликлари учун мукофотлади.

Энди у Киевдаги ҳукуматни ноқонунуний, дея атамаяпти, янги президент Петр Порошенкони тан олди ва ҳатто у билан тинчлик музокараларига киришди.

Бундан ташқари Украина шарқидаги бўлгинчиларнинг қайта-қайта ёрдам "илтижолари"га қарамай қўшин тортиб бориш "ваъдасини" бажаришга киришмади.

Жаноб Путин ҳатто май ойида ўтказилган референдумлар ва ўз-ўзини мустақил эълон қилиш уринишларини ҳам қўлламади.

Аксинча,Украина билан чегарага яқин ерга юборилган қўшинлар ортга қайтарилди.

Ва ҳатто кутилмаган равишда парламентга мактуб йўллади… қуролли куч ишлатиш рухсатини бекор қилишни сўради.

Кўринишича, жаноб Путин Қримни қўшиб олиш ортидан юзага келган можарони «бости-бости» қилиш вақти етилганини англагандек…

Ёки жаноб Путин анчайин мураккаброқ ўйинни олиб боряптимикан?

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN
Image caption Украина шарқидаги баъзи бўлгинчилар умид қилганидек жаноб Путин кўмак бергани йўқ.

Сабоқлар

Жаноб Путин учун ортга чекинишга етарлича сабаблар бордек... Қримнинг қўшиб олиниши нисбатан осон ва қонсиз кечгани учун омма томонидан дастакка эга бўлди.

Лекин Шарқий Украина ўзгача. У ерда қон тўкилмоқда, қурбонлар ва қочқинлар сони ошмоқда.

Бу руслар гувоҳ бўлишни истамаган ва ўз ўғиллари иштирок этишини хоҳламаган урушдир.

Яъни,жаноб Путин энди ўзини тинчликсевар элчи қилиб кўрсатиши керак.

Бундан ташқари,Украина ҳукуматининг бўлгинчиларга жавоби балки у кутганидан кўра қатъийроқ бўлгандир…

2008 йилги ҳодисалар эсга олинса, Ғарбнинг ҳам муносабати бу гал "кечиримли" бўлмагандир.

Ўшанда Россиянинг Гуржистон билан қисқа уруши ва Оврўпо Итифоқининг шоша-пиша ўртага тушиши оқибатида Шимолий Осетия ва Абхазия Москва "назорати остидаги мустақил ҳудудлар" бўлиб қолдилар.

Жаноб Путин бу гал ҳам Оврўпо ўз иқтисодий манфаатларини ўйлаб Россия билан борди-келдига бормаслигига умид қилдимикан?

Аслида Қримнинг аннексияси Ғарбни кўпроқ хавотирга солди. Чунки жаноб Путин ҳудудларни босиб олиш "мазасини" ёқтириб қолдимикан, деган шубҳани уйғотди.

Шунинг учун жавоб ҳам қатъийроқ бўлди.

Бундан ташқари, Ғарб жаноб Путиннинг ҳар бир айтган сўзига ишонмасликни ҳам ўрганди. Ҳозирда унинг янги бир "маскировка"ни уюштиришда гумон қилмоқдалар.

Яъни,"кўнгиллилар ва хайрихоҳлар" ёрдамида Украина шарқидаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниб, айни вақтда Киевни "ўзини босишга" даъват қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Гуржистон ва Украинадаги Россия амалларини Ғарб кенгроқ манзаранинг бир қисми сифатида кўрмоқда.

Энди нима бўлади?

Бундан буёғига кўп нарса жаноб Путиннинг Россия ва руслар жазо чоралари оқибатларини не қадар "хазм қила олиши" чамаларига боғлиқ бўлади, шекилли.

Кўринишича Мосвада бу борада икки хил тахмин бор.

Бир томонда мудофаа ва хавфсизлик тизимидаги миллатчи ва ақидапарастлар дохил кучлар. Улар Ғарбни "душман" дея биладилар ва жорий этилаётган жазо чорларини ўзларининг "куч -қудратларини" намойиш этиш учун имкон сифатида қарайдилар.

Бошқа томонда ғарбпараст либерал ва ислоҳотчилар. Улар Ғарб билан узоқ муддатли келишмовчилик Россиянинг иқтисоди учун фожеали бўлиши мумкинлигини айтадилар.

Путин ким томонда?

Фикримча, у қалбан аксил-ғарбчиларга яқин... Лекин мантиқан ислоҳотчилар ҳақ эканликларини ҳам тушунади.

Балки бу қарама-қаршиликдан ўз манфаатига фойдаланиб қолар.

Бир неча йил аввал жаноб Путинннинг дзюдо бўйича мураббийси Би-би-си билан суҳбатда, унинг рақибини адаштириш қобилияти ҳақида айтганди.

Балким сиёсатда ҳам у шу йўлни қўллар?

Балки у ҳамма собиқ Шўро республикалари унинг иродасига қарши чиқмайдиган раҳбарлар қўлида бўлишига интилаётгандир.

Агарда бу мақсадига эришиш имконсиз бўлиб кўринаётган бўлса, у ҳолда ўша мамлакатни заифлашириш йўлини тутаётгандир.

Қандай қилиб дейсизми?

Масалан Украинадаги каби, оғриқсиз жазо чоралари даражасига қадар амал қилиб, айни вақтда ўзининг 2018 йилги сайловларда ғолиб бўлиш эҳтимолини кўпайтириб олиш йўли биландир?

Бошқа томондан, шарқий Украина ва ёки қаршилик камроқ кутилган бошқа ҳудудларда Россия «буюк давлат» экани ва мамлакат президенти у билан ҳисоблашиш керак бўлган шахс эканлигини намойиш этиб қўйиш йўлида ўз аралашишларини давом эттирар...

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ