Шакарнинг ози яхшими ёки семизлик муаммосининг ечими нима?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Кўплаб Ғарб давлатлари, жумладан, Англияда ҳам семизлик муаммо даражасига чиқаркан, мутахассислар буни олдини олиш йўлларини тавсия қилишмоқда.

Ана шу тавсиялардан бири - одамлар истеъмолларидаги шакар миқдорини ярмига камайтириши лозимлигидир. Шакар саноатидагилар эса, биргина маҳсулотни "ёмонотлиқ" қилиш билан семизлик муаммосига ечим топиб бўлмаслигини айтишади.

Тадқиқотларга бошчилик қилган профессор Иян Макдоналднинг айтишича, кўп миқдорда шакар тановвул қилиш билан инсон истеъмол қилаётган энергия миқдори ва семизлик орасида боғлиқлик бор.

Бу боғлиқлиқ айниқса болалардаги семизликда яққолроқ кўзга ташланган.

Ҳозирда шифокорлар аёллар учун кунига 25 грамм, бу 5-6 чой қошиғи миқдорида, эркакалр учун эса 35 грамм, яъни 7-8 чой қошиғи миқдоридагина шакар истеъмол қилишни тавсия бермоқдалар.

Берилаётган тавсиялар орасида масалан, газли ва таркибида шакари ўта кўп бўлган ичимликлардан кўра сув ичган афзалроқ, шоколад ўрнига эса мева еган яхшироқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Саноатга нисбатан чора сифатида эса таркибида шакар кўп бўлган ичимликларни ишлаб чиқарувчиларга солиқларни ошириш имкони кўриб чиқилмоқда. Бу каби чорага Мексикада қўл урилган, лекин натижаси қандай бўлиши ҳануз номаълум.

Ўтган март ойида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам кундалик истеъмол этиладиган шакар миқдорини камайтириш маслаҳатини беганди.

Тавсия этилган миқдор ҳисобланганда мева шарбатлари, асал ва бошқа маҳсулотлар таркибидаги шакар ҳам назарда тутилиши керак.

Шакарга қарши Амал ташаббус гуруҳи олимларнинг янги тавсиясини "олиймақом янгилик" сифатида қаршилаган.

Ташкилотга кўра, яна миллионлаб болалар семизликка чалинмасларидан аввал кола сифат ичимликлар ва ширинликлар таркибидаги шакарга катта эътибор бериш керак.

Британия соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Jane Ellison нинг айтишича, ҳаддан ташқари кўп миқдорда шакар истеъмол қилиш соғлиққа зарар етказиши маълум эди ва ҳозирги тадқиқотлар буни тасдиқламоқда.

Ўзбекистонда эса шакарнинг нархи осмонда

Ўзбекистон дўкон ва бозорларида эса, сўнгги пайтлар шакар нархи ошиб кетган, бунга қўшимча, айни маҳсулот танқислиги ҳам вужудга келган.

Мазкур ҳолат ёзги пишиқчилик даврида меваларни қишга ғамлаш ишлари авж олгани билан боғланади.

Шифокорларнинг шакарни камроқ истеъмол қилишга оид тавсиялари ҳамда кўп миқдорда шакар талаб қилувчи усуллар орасида мувозанатни қандай сақлаш мумкин?

Би-би-си бу ҳақда асли фарғоналик, ҳозир Москвада яшаб фаолият қиладиган таниқли ошпаз Сталик Ханкашиевдан сўради:

Сталик Ханкашиев: Афсуски, мурабболарни камроқ шакар миқдори билан тайёрлашнинг анъанавий усуллари йўқ. Шакар ўрнига пектин каби моддани ишлатиб, мураббони қуйуқроқ пишириш усули бор, лекин бу усул кўпроқ саноат миқёсида фойдаланилади. Уйда эса камроқ шакар солинса, мураббо ёмон бўлиб қолмаслиги учун бошқа консервантларни солиш керак бўлади. Бу ерда демак истеъмолчи ўзи учун ҳал қилиши керак, шакар ейишни маъқул кўрадими ёки унинг ўрнига консервантни. Камроқ шакар солиб пиширилган мураббони совутгичда сақлаш мумкин, демак совутгичлари катта бўлганлар шу йўл билан камроқ шакарли мураббони сақлшлари мумкин. Лекин меваларни қуритиб сақлаш усули борлигини ҳам ёддан чиқарманг. Олса, ўрик каби меваларни қишга қуритиб олиш Марказий Осиёда кенг тарқалган усуллардан.

Би-би-си: Лекин мевани мураббо шаклида истеъмол қилишни хуш кўрувчилар ҳозирда шифокорлар бераётган тавсияга қандай риоя қилишлари мумкин?

Сталик Ханкашиев: Ширинлик бўладими, ёғми, оқсилми ҳамма нарсани меъёрида истеъмол қилиш керак. Семизлик муаммосига келсак, бу ерда муаммо еган овқат миқдори билан сарф қилинган энергия ўртаисдаги номутаносибликдир. Ҳозирда аксарият жуда кўп овқат ейди ва жисмонан ҳеч қандай ҳаракат қилмайди. Буни гпидинамия дейдилар, яъни камҳаракатлилик. Кун бўйи оффисда ўтирилади, у ерга машинада бориб, машинада келинади, зинадан чиқмай ё эскалаторга чиқади ёки лифтга. Бундан ташқари энг асосийси меъёр. Бир қошиқ мураббонинг мазаси 10 қошиқ мураббонинг мазаси ва роҳати билан баробар. Ёш болага ўхшаб, ҳеч ким кўрмаётган вақти бир банка мураббони тушириб, кейин қорин оғриб юргандек ўзини тутиш керак эмас.

Би-би-си: Ғарб супермаркетларида шакарсиз тайёланган мурабболарни сотиб олиш мумкин, бу усуллар фақатгина ишлаб чиқарувчиларга тегишлими? Сирини фақат улар биладиларми?

Сталик Ханкашиев: Бу анчайин кенг тарқалган тайёрлаш усуллари. Ҳали атганимдек, меванинг сув чиқаришига пектин моддаси орқали ҳам етишиш мумкин. Бундан ташқари баъзида асал ҳам ишлатилади. Асал ҳам шакар сингари самарали консервант. Қурбақани олиб асалга солиб қўйсангиз ҳам ойлар мобайнида айнимай туради. Баъзи қадимий емакларда шакар ўрнига мева шарбатидан қилинган қиём ишлатилган. Лекин назарда тутинг, бу ҳам шакардек гап. Шакар ҳам ахир табиий бўлган шакарқамиш ёки лавлагидан олинадику.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ