"Тож Маҳал" айбдорлик ҳисси билан қурилган "муҳаббат қасри"ми?

Дунёнинг мўъжизаларидан бири, 17- асрда оқ мармардан қурилган бетакрор Тож Маҳал бобурий Шоҳ Жаҳон томонидан унинг суюкли хотини, 14- фарзандини туғаётиб вафот этган Мумтоз Маҳалга атаб қурилган қаср экани айтилади.

Бироқ, Ҳиндистонда яқинда намойиш қилинган спектакл тарихий воқеага бутунлай бошқача драматик ва кутилмаган қарашни тақдим этади. Шоҳ Жаҳон ва Мумтоз тарихига бағишланган асарда севишганлар орасида ҳаммаси рисоладагидек бўлмагани ва Тож биноси қурилишининг орқасида бошқа саволлар тургани мумкинлигига ишора қилади.

Ҳамма уни севги, муҳаббат қасри сифатида билади. Лекин у айбдорлик ҳисси туфайли бунёд қилинган эмасмикан?

Спектакл аввалига 1970 йилда Тож ҳақида эртак сифатида Лондонда яшовчи драматург ва халқаро масалалар бўйича таҳлилчи Дилип Ҳиро томонидан инглиз тилида ёзилган.

"Қарама-қаршиликлар менинг асаримда ҳаракатлантирувчи куч саналади", дейди жаноб Ҳиро Би-би-сига. "Бу ўзаро севишган жуфтлик ўртасида пайдо бўлган муаммолар"ни тадқиқ қилади.

"Қўпол қилиб айтганда, бу гўзалликни ва бошқаларни мадҳ қилган маиший драма эмас, балки олий ҳокимиятга- тожу тахтга эришиш ҳақидаги ўйиндир".

Спектакл бошида урду тилида, Шоҳ Жаҳон ҳукмронлик қилган даврида одамлар кенг ишлатган ва ҳозир ҳам кўп ҳиндлар гапирадиган ва тушунадиган тилда намойиш қилинган.

Гўзал- итоаткор хотин эмас?

Мумтоз Шоҳ Жаҳоннинг учинчи ва суюкли рафиқаси бўлган ва уларнинг севги тарихи ҳақида афсоналар тарқалган.

Умуман олганда, у гўзал ва оқила, итоаткор аёл бўлган, деб ишонилади. Севимли эридан кўп фарзанд кўришдан мамнун аёл 14- боласини туғиш пайти ҳаётдан кўз юмади.

"Бироқ тарихнинг ҳаммага маълум бўлмаган бошқа томони ҳам бор. Унинг гўзал ва итоаткор бўлгани шубҳа остига олинади. Мумтоз жуда яхши шахматчи бўлган, ҳатто айтиш мумкинки, эри Шоҳ Жаҳондан яхши ўйнаган. Ва у ўта интилувчан ва шафқатсиз бўлган", дейди Деҳли театри қошидаги Пьеро труппаси директори Саид Аълам.

Тарихчилар бобурийлар ҳукмронлиги даврида маликаларнинг сиёсий ҳокимиятда таъсирлари сезиларли бўлган, деган фикрдалар.

Тож Маҳални Ҳиндистонда "Буюк Мўғуллар" номи билан машҳур бобурийлардан Шоҳ Жаҳон севимли хотини Мумтоз Маҳал учун қурдирган.

"Кўпгина тарихий ҳужжатлар Мумтознинг қўлида сиёсий ҳокимият ва таъсир бўлгани, унинг маъмурий масалалар ва давлат буюртмаларида иштирокини тасдиқлайди", дейди Деҳли университети профессори Фарҳат Ҳасан.

Спектакл 17 асрдаги Деҳлини жонлантиради, кўплаб сиёсий найранглар, ҳокимият учун шафқатсиз, қинғир ва қонли курашлар кечган даврни гавдалантиради.

Саҳнадаги ҳаракат подшоҳлик тожи учун Шоҳ Жаҳон ва унинг укаси шаҳзода Парвез ўртасидаги қарама-қаршиликдан бошланади. Бу ерда Мумтоз севимли эрининг ғалабаси учун ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Воқеалар давомида Мумтоз шахсининг турли қирралари олдинги планга чиқади - итоаткор хотиндан, эрининг маслаҳатчиси, унга гапини ўтказа олган сиёсатчи сифатида кўринади.

"У узоқни кўрадиган сиёсий арбоб, нозик стратегик ва айёр, шу билан бирга эри олдида аёл эди", дейди жаноб Аълам.

Image caption Шоҳ Жаҳон қўлида хотинининг жон бериши

Пьесанинг марказида бир куни кечқурун эри билан шахмат ўйнаб ўтирган Мумтознинг эрини мот қилиш саҳнаси туради. Ўртага тахтни қўйган Шоҳ Жаҳон ютқизганида Мумтоз тахтга кўтарилади ва ўз амбициялари ва шафқатсизлигига эрк беради.

Вақти келиб, шоҳ ўзининг суюкли маликасини тўхтатиш кераклигини тушунади. Подшоҳлик муҳри учун кураш маликанинг тахтнинг ағдарилиши билан якун топади ва тез орада Мумтоз туғруқ вақтида жон беради.

Бу оддий тасодиф эдими ёки у бунга атайин олиб борилдими?

Спектакл очиқ- унда Мумтоз ўлдирилганлиги ҳақида кўп сўз йўқ. Лекин бу ерда муаллиф томошабинни шубҳа билан қолдиради, балки шоҳнинг малика ўлимида роли бўлгандир.

Қабул қилинган тарихий фактдан чиқиш, томошабин учун муаммо уйғотмади- томошабинлар спектакл тугагач, ўринларидан туриб олқишлашди ва бундай ёндашишга ўз фикрларини билдиришди.

"Саҳна ошиқ Шоҳ Жаҳоннинг севгисига эмас, балки Мумтознинг сиёсатига қаратилади", дейди ҳинд драматурги. Таҳлилчилар янгича ёндашишни олқишлашди, уларга кўра, "хотирада муҳрланган деталлар қайтадан назардан ўтказилди ва томошабинларни содир бўлган воқеага аёл кўзи билан қараб кўриш имкони берилди".

Хуллас, бир қанча танқидчилар айтганидек, Тож Маҳал ҳақиқатдан "қотиллик ёдгорлиги" бўлиши мумкинми?

Аслини олганда, бу бадиий асар ва Мумтознинг ўлдирилган бўлиши мумкинлиги тахмини тарих олдига қўйилмайди. Жаноб Ҳиро айтишича, бу шунчаки бадиий тўқима, қаердаки, қизиқарли фожеа яратиш учун хаёлий фактлар билан ажойиб уйғунлаша олади.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ