100 йил олдин - Биринчи Жаҳон Урушига сабаб бўлган Сараеводаги суиқасд

  • 28 Июн 2014

Би-би-си Ўзбек хизмати роппа-роса 100 йил олдин юз берган Биринчи Жаҳон Уруши бошланишига туртки бўлган тарихий ҳодисага назар ташлашга қарор қилди.

1914 йил 28 июн куни Австро-Можар тахти вориси эрцгерцог Франц Фердинандга Сараево шаҳрида суиқасд қилинганди.

Биз тарихни ўзгартирган ушбу ҳодисани бор тафсилоти билан ҳикоя қилиб, бугунги замон ўқувчисига етказишга қарор қилдик.

Бу ҳодиса шу кеча-кундузда рўй берганда замонавий оммавий ахборот воситалари уни қандай ёритган бўларди?

Биз ана шу усул билан бир аср олдинги суиқасд ҳодисасига ёндошамиз.

28 июн. Эрталабки соат 9:30.

Image copyright sarajevo

Эрцгерцог Франц Фердинанд ва унинг рафиқаси герцогиня София Хотек тўрт кунга мўлжалланган сафар билан Босния пойтахти Сараевога келдилар.

Австрия шаҳзодасининг ушбу ташрифи мубоҳасали ҳисобланади.

1908 йилда Австрия Боснияни аннексия қилган ва кўплаб серблар Босния Сербия давлатининг таркибида бўлиши лозим деб ҳисоблайди.

Австрия билан Сербия ўртасида таранглик кузатилиб турган замон.

Эрцгерцог ҳарбий манёврларни томоша қилар экан, унинг рафиқаси Сараеводаги мактабу-етимхоналарга ташриф буюради.

Соат 9:31

Ташриф давомида жуфт Сараеводан олти миля узоқдаги Босния меҳмонхонасида жойлашади.

Улар ҳозир Сараевога йўл олган поезддадирлар.

Поезд Сараевога 09:50 да етиши керак.

9:32

Босния 1908 йили Австро-Можар империясининг таркибига кирганидан бери булар илк бор Сараевога келишмоқда.

Эрцгерцог, тахтга ворис сифатида ўз империясию, бошқа мамлакатларга тез-тез қатнайди.

9:33

Австро-Можар императори Франц Жозеф бу ташрифни қўл остидаги Боснияга таъсир этиш маъносида кўради.

83 ёшга кирган император 1848 йили тахтга минган.

У Оврўпонинг энг қари ҳукмдорларидандир.

Франц Фердинанд унга ворис ва тахтга яқин орада кўтарилиши аниқ.

9:35

Феъли-атвори мушкул дейилса-да, Франц Фердинанднинг 1900 йили маликалардан бирига эмас, балки ўзининг севган қизи София Хотекка уйланиши Австрияда шов-шувга асос бўлган.

Буларнинг болалари тахтга меросхўр бўлмаслиги шарти билан унинг уйланишига изн берилган.

София герцогиня унвонига эга бўлса-да у шоҳона аравага миниш ё театрдаги шоҳона лоджияга кириш ҳуқуқларидан маҳрум.

Лекин Босния ташрифида София ўз эрининг ёнида ва барча тадбирларда қатнашиш ниятида.

9:38

Бугун бу жуфт ўз тўйининг 14 йиллигини нишонлайдиган.

Мана бу расмда улар ўз тўйларидан кейин.

Бири 36, бири 32 ёшда.

9:42

Мамлакатнинг 40 фоизини ташкил қилган босниялик серблар учун бу кун Авлиё Витус куни.

Бу куни 1389 йили серблар Косово жангида туркларга енгилган.

Шу кун буларнинг орасида мотамсаро байрам сифатида нишонланади.

9:47

Минглаб томошабинлар ҳозирда эрцгерцог ва унинг рафиқаси ўтадиган кўчаларга тўпланишган.

Уларнинг қўлларида гулу-байроқчалар.

9:49

Поезд Сараево вокзалига келиб тўхтайди.

Меҳмонларни Босния-Ҳерцеговина ҳарбий раҳбари генерал Оскар Потиорек ва Сараево ҳокими Фаҳим Афанди Курчич қаршилаб олади.

9:50

Эрцгерцог рафиқаси билан ташқарига чиқишади. Эрцгерцог ҳарбий кийимда.

9:51

Шаҳзоданинг рафиқаси герцогиня София эса оқ кўйлагу-шляпа кийган.

9:53

Жуфт фахрий қоровул тарафидан кутиб олинади.

Австрия мадҳияси янграйди.

9:54

Бугунги сафарнинг илк нуқтаси – шаҳар ҳокимиятидир.

Ундан сўнг эрцгерцог Миллий Музейга йўл олади.

Тушлик пайт булар ҳоким қароргоҳида йиғилишади.

9:57

Аввалига улар вокзал ортида жойлашган Филиппович ҳарбий баракларига ташриф буюришади.

10:00

Жуфт очиқ автоуловга ўтиради.

Уларга генерал Потиорек ва бошқа бир зобит қўшилади.

10:02

Image copyright BBC World Service

Автоулов дарё соҳилидаги Аппель Куэ кўчаси бўйлаб юради.

10:03

Қадим турк истеҳкомидаги замбараклар 24 тўп отиб бу расмий сафар бошланишини эълон этишади.

10:04

Кўчаларда “Яшасин!” деган ҳайқириқлар янграйди.

10:05

Автоулов шаҳар ҳокимияти биноси томон кетмоқда.

10:07

Инсонлар дарё бўйидан буларни томоша қилиб туришади.

10:10

Эрцгерцог автоулови полиция биноси олдидан ўтади.

10:11

Шошилинч хабар:

Эрцгерцог автоулови атрофида саросима.

Автоулов тезлашгани туфайли нима содир бўлгани ҳали номаълум.

10:11

Қолган автоуловлар тўхтайди.

Булардан бири лат еганга ўхшайди.

10:12

Полициячилар оломон томон ташланишади.

Атрофда тутун пайдо бўлади.

10:13

Афтидан эрцгерцог автоулови ҳам тўхтаган.

10:16

Тасдиқланмаган хабарларга кўра портлаш юз берган.

10:19

Эрцгерцог ва Софи ўз автоуловларида қолиб, ўз хавфсизлик зобитини ҳодиса саҳнасини ўрганишга юборишган.

10:20

Портлаш юз берган саҳна харитаси

Image copyright BBC World Service

10:21

Қўшимча хабар:

Гувоҳларнинг сўзларига кўра эрцгерцог автоуловига бомба ташланган.

Эрцгерцог бомбага қарши қўлини узатган ва бомба кейинги автоулов ғилдираклари остига тушган.

10:22

Шошилинч хабар:

Йигирмага яқин инсон портлаш натижасида шикастланган.

Булардан иккитаси – зобитлардир, бири – тадбирда қатнашувчи аёл.

10:22

Қўшимча хабар:

Тасдиқланмаган хабарларга кўра бомбани ирғитган киши қўлга туширилган.

Айтишларича, у қочиш ниятида ўзини дарёга ташламоқчи бўлган.

10:23

Қўшимча хабар:

Герцогиня София кўринишича яраланган.

Портлаш оқибатида бир парча келиб унинг яноғини тилиб кетган.

Эрцгерцоггга зиён тегмаган.

10:26

Қўшимча хабар:

Эрцгерцог ва унинг рафиқаси ўз сафарини келишилгандек давом этишларини эълон қилишади.

10:28

Эрцгерцог сафарнинг давом этилишини талаб қилиб: “Бу инсон телбалардан бўлса керак. Сафаримизни давом эттираверайлик,” дебди.

10:30-10:35

Эрцгерцог ва унинг рафиқаси шаҳар ҳокимияти биносига етиб келишади.

Уларни шаҳар насроний, мусулмон ва яҳудий намояндалари кутиб олишади.

Иш жадвали бўйича эрцгерцог булар билан учрашганда Софи мусулмон расмийларининг рафиқалари билан кўришади.

Шаҳар ҳокими Фаҳим Курчич буларни қаршилаб нутқ ирод этадиган.

10:37

Қўшимча хабар:

Яраланган зобитлардан бири полковник Эрих фон Мерицци ҳарбий шифохонага етказилган.

Полиция эса портлаш саҳнасини текширмоқда.

10:48

Қўшимча хабар:

Полиция бир қанча кишини қўлга олади.

Буларнинг орасида шубҳа остидаги бомбачи борми-йўқлиги аниқ эмас.

10:51

Қўшимча хабар:

Полициянинг билдиришича улар портлашни уюштиришда гумондор кишини қўлга туширишган.

10:53

Шаҳар ҳокимияти биносидаги тадбир якунланади.

10:54

Жуфт энди Миллий музей томон йўл олади.

10:55

Автоуловлар шаҳар ҳокимияти биносидан юқори тезликда узоқлашмоқда.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Эрцгерцог ўнгида бир зобит унга тан соқчиси сифатида қўйилган.

10:57

Шошилинч хабар

Латейнер кўприги олдида отишма товуши эшитилади.

Эрцгерцог ҳозир қаерда эканлиги ҳақида хабар йўқ.

11:00

Отишма юз берган жой харитаси

Image copyright BBC World Service

11:01

Шошилинч хабар:

Эрцгерцог Франц Фердинанд отилган.

Франц Фердинанд томон яқин масофадан ўқ узилган.

Хабар келишда давом этмоқда.

11:02

Хабарларга кўра отишма Аппел Куе ва Франц Жозеф кўчалари чорраҳасида юз берган.

11:06

Эрцгерцог автоулови хабарларга кўра Аппель Куе кўчаси бўйлаб жануб томонга юрмоқда.

11:08

Ҳозирча эрцгерцогнинг қай даражада лат егани номаълум.

11:10

Қўшимча хабар:

Полиция отишма саҳнасига етиб келмоқда.

Оломон ичида ур-тўполон.

11:14

Қўшимча хабар:

Полиция ёш йигитга қарши бўлган ҳужумга аралашади.

11:18

Қўшимча хабар:

Полиция зобитлари ёш бир йигитни қўлга олишган.

Оломондаги баъзиларнинг айтишларича айни шу одам эрцгерцогга қарши ўқ очган.

Бу ҳодисаю аввалроқ бомба ташланиши орасида алоқа борми-йўқлиги ҳозирча номаълум.

11:22

Гувоҳларнинг айтишича отишма рўй берганида автоуловлар қайирилишмоқда экан.

Қуролли киши автоуловга яқинлашиб икки ўқ узгани айтилмоқда.

11:24

Гувоҳларнинг сўзларига қараганда отишма юз берганида эрцгерцог бир нарса қилишга ҳаракат қилган, унинг рафиқаси эса эгилиб қолган.

11:28

Расмий хабарларга кўра эрцгерцог ва унинг рафиқаси шаҳар ҳокими қароргоҳига олинган.

11:30

Эрцгерцог ва унинг рафиқаси етказилган ва шифокорлар тарафидан кузатилаётган Қўноқ.

11:30

Қўноқ дарвозасидан икки насроний руҳонийнинг ўтгани айтилмоқда.

11:32

Сараеводаги черковларда бонглар урилмоқда.

11:33

Шошилинч хабар:

Эрцгерцог ва унинг рафиқаси ҳалок бўлди.

Расмийнинг тасдиқлашича эрцгерцог Франц Фердинанд ва унинг рафиқаси София уларга узилган ўқлардан ҳалок бўлишган.

11:49

Шошилинч хабар:

Боя бомба ташлашда гумон этилган шахснинг оти аталган: Неделько Кабринович.

У 19 ёшда, серб миллатига мансуб.

Полиция унинг расмини эълон қилди.

11:51

Кабриновичнинг айтишича у бомбани “ташкилот”дан олган.

У бошқа тафсилотларни айтишдан бош тортган.

11:55

Шошилинч хабар:

Полиция қотилликда гумон этилаётган шахсни ушлаган.

Полиция гумондор деб Гаврило Принципни атаган.

Ҳозирча икки ҳужум орасида алоқа борми-йўқлиги номаълум.

11:57

Эрцгерцог ва унинг рафиқасини ўлдирган Гаврило Принцип расми.

11:58

Принципни қўлга олиш пайти бир зобитнинг яралангани айтилмоқда.

11:59

Қўшимча хабар:

Ҳодиса гувоҳи Данило Пусилининг айтишича у ҳужумчини кўргачоқ унинг ёқасидан ушламоқчи бўлган, бироқ кейин қўйиб юборган.

12:20

Босния расмийлари хавфсизлик чораларини таъминлаши хусусида албатта саволлар туғилади.

12:29

Қўшимча хабар:

Эрцгерцогнинг хавфсизлик хизмати ходими ва тан соқчиси подполковник Франк Харрачнинг сўзларига кўра у сўнгги дамгача эрцгерцог ва унинг рафиқаси олдида бўлган.

12:30

Харрачнингг айтишича ўқ узилгач, эрцгерцогнинг оғзидан қон Харрач бетига оққан.

У эрцгерцогнинг ёрдамига ташланган.

Шу пайь София: “Сизга нима бўлди,” деб сўрагану ўзи бошини тиззасига ташлаган.

Харрач герцогиня Софияга ҳам ўқ узилганини билмаган.

Шунда Франц Фердинанд: “София, София, сен ўлма, болаларимиз ҳаққи, тирик қол” дея хитоб этган.

Харрачнинг давом этишича, эрцгерцог мутассил: “Ҳечқиси йўқ! Ҳечқиси йўқ!” деб ўзининг шикаст еганини беркитиб борган.

Кейин у бирданига тўхтовсиз йўтала бошлаган.

Шу пайт улар Қўноққа етишган.

12:35

Қўшимча хабар:

Бу расмда эрцгерцог ва унинг рафиқаси ўтирган автоулов ҳужумдан бир неча дақиқа аввал.

12:40

Қўшимча хабар:

Шаҳарда байроқлар мотамсаро туширилган.

12:45

Эрцгерцог ва унинг рафиқаси жасадлари ҳозирча Қўноқда, кейинроқ уларни Венага етказишади.

13:27

Қўшимча хабар:

Шаҳарда туғён бошланган.

Хорват студентлари аксил-серб намойишларини бошлаб юборишди.

Ғазабга келган оломон қўлларида эрцгерцог ва унинг рафиқаси суратлари билан сербларнинг дўконларини остин-устун қилишади.

28 июн туни

Сараево, Вена, Берлин, Санкт-Петербург ва Париждан қотиликка жавобан хабарлар келмоқда

Эпилог

Дафн маросими

Эрцгерцог Франц Фердинанд ва унинг рафиқаси Софиянинг дафн маросими Вена шаҳрида 1914 йилнинг 3 июл, пайшанба куни рўй берди.

Жасадлар Сараеводан аввалига поездда, кейин кемада етказилган.

Оврўпо қиролликлари мотам эълон қилишди.

Бироқ Венага буларнинг биронтаси таклиф этилмади.

Софиянинг қирол қони йўқлигидан Император Франц Жозеф ҳатто Кайзер Вилҳелм иккинчининг дафн маросимида қатнашишига изн бермади.

Софиянинг совути эриникидан бир қарич пастроқ қўйилди.

Черковдаги дафн маросимига уларнинг болалари ҳам қўйилгани йўқ.

Эрцгерцог Франц Фердинанд ва унинг рафиқаси София Венадан 60 миля нарида Артштеттен деган ерда кўмилди.

Уларнинг қабр тошида қуйидаги ёзув чекилган:

Турмушда уланган, булар айни тақдирни ҳам бир-бири билан улашишди

Бу мавзуда батафсилроқ