Афғонистонда Абдулланинг тарафдорлари намойишга чиқишди

Пойтахт Кобулда президентликка номзод Абдулла Абдулланинг минглаб тарафдорлари сайловларда овозларнинг сохталаштирилгани гумонлари боис, президент биноси қаршисида йиғилишган.

"Ашраф Ғанига ўлим! Сайлов комиссиясига ўлим!" деб қичқиришган намойишчилар.

Афғонистондаги президентлик сайловларининг биринчи босқичида 40 фоиздан кўп овоз тўплаган Абдулла Абдулла бу галги овоз беришда ўзининг сохта овозларнинг кўпайтирилгани қурбони бўлганини айтган ва сайлов натижаларини рад қилган.

Жаноб Абдулла президент Карзай ва вилоят ҳокимларини ҳам Ашраф Ғани фойдасига иш юритганликда айблаган.

Унинг рақиби Ашраф Ғани аллақачон бир миллион овоз билан ўзининг ғалаба қозонганини билдирмоқда.

Айни вақтда Президент Ҳомид Карзай норозиликларга муносабат билдириб, бундай чиқишлар Афғонистонга демократия келганининг белгиси эканини айтган.

Норозилик акциясида 10 мингдан ортиқ киши қатнашгани айтилмоқда. Бир қанча намойишчилар Карзайнинг суратларини йиртганлар.

Бу сайловлардаги қаллобликларга қарши энг катта ва унда Абдулла Абдулла иштирок этган биринчи намойиш бўлган.

"Агар бизнинг талабларимиз бажарилмаса ва сохта овозлар чиқариб ташланмаса, биз норозилигимизни давом эттирамиз", деган Абдулла расми ва Афғонистон байроғини кўтариб олган Аҳмад исмли намойишчи.

Намойишчилар орасида кам сонли аёллардан бўлган 55 ёшли Шаперай "Ҳукумат ва сайлов комиссияси бизнинг овозларимизни ўғирлади. Улар хиёнатчи ва қаллобдирлар", дейди.

Сайловлар Афғонистондаги этник гуруҳлар ўртасидаги азалий тарангликни юзага чиқарган. Боиси, Абдулла Абдулла мамлакатда кўпчиликни ташкил қиладиган тожиклардан, Ашраф Ғани эса аҳолининг катта қисми бўлган пуштун гуруҳи вакили.

Сайловларга ишонсизлик Толибон фаолияти кучая бошлаган бир пайтга тўғри келмоқда ва толиблар бу қарама-қаршиликдан ўз манфаатлари учун фойдаланишлари мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ