Афғонистондаги портлашда қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғонистон пойтахти Кобулда ҳудкуш ҳужумчининг ҳарбийлар автобусини нишонга олиши натижасида етти зобит ҳалок бўлган, кўпчилик яраланган.

Портлашга масъулиятни Толибон аллақачон ўз зиммасига олган.

Ҳодиса Кобул университети олдида рўй берган, ҳудкуш пиёда юриб келиб ўзини портлатиб юборган, деб хабар беради Би-би-си мухбири Карен Аллен.

Афғонистон Ташқи Ишлар вазирлиги вакили генерал Зоҳир Азимийнинг тасдиқлашича, қурбонлардан ташқари тинч фуқаролар дохил 13 киши турли даражада тан жароҳати олганлар.

"Мен кучли портлаш овозини эшитдим, сўнгра атрофни тутун ва кул қоплаб олди", деб айтади воқеа гувоҳи Абдул Кабир.

Ўтган ойда Афғонистон президентлигига номзод Абдулла Абдулла автомобил конвойига ҳужум оқибатида олти киши ҳаётдан кўз юмган эди.

Толибон президентлик сайловларини барбод этиш билан таҳдид қилиб келган, сайловда овоз берган бир қанча кишиларнинг бармоқларини кесган эди.

Иккинчи босқич сайловларининг хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда ўтганига қарамасдан, 60 кишининг умрига зомин бўлди.

Афғонистон президентлик сайловларининг натижаларини кутмоқда.

Сешанба куни мустақил сайлов комиссияси сайловларда сохтакорликлар боис, дастлабки натижаларни эълон қилишни орқага сурганини билдирди.

Расмийларга кўра, қаллобликлар содир этилгани гумон қилинган минглаб сайлов масканларида овозларни қайтадан санаш ўтказилган.

Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулла Абдулла ҳам, унинг рақиби собиқ молия вазири Ашраф Ғани ҳам бир-бирларини қаллобликларни уюштирганликда айблаганлар.

Президентлик сайловлари Афғонистон учун мураккаб вазият манзарасида ўтказилди. Мамлакатдаги хорижий кучларнинг аксарияти 2014 йил охиригача чиқиб кетишлари керак.

Бунинг орқасидан Толибон ҳаракати яна кучайиши борасида хавотирлар бот-бот янграмоқда. Охирги ойларнинг ўзида содир этилган портлашлар буни тасдиқлайди.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ