Франция: собиқ президент расман тергов қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳакамларга ўз таъсирини ўтказишда гумон қилинаётган Франциянинг собиқ президенти Никола Саркозига қарши расман тергов очилган.

Полициянинг Коррупцияга қарши кураш бўлими томонидан 15 соат давомида сўроқ қилиниши ортидан у Париждаги маҳкамада ҳакамга юз тутган.

Ўтмишда Францияда ҳеч бир собиқ давлат раҳбари полиция томонидан ушлаб турилмаган.

Жаноб Саркозининг адвокати Тиерри Ҳерцог ва ҳакам Жилбер Азибер ҳам айни даъволарга боғлиқликда расмий терговга тортилганлар.

Сўроқ учун чақирилган иккинчи ҳакам Патрик Сассу ҳозирча ҳакамга юз тутгани йўқ.

Францияда кимдир расман терговга тортилса, у ҳакамга юз тутади ва ҳакам мазкур шахсга қарши расман айблов эълон қилиниши учун етарли далил-исбот бор ё йўқлигини аниқлайди.

Бунинг ортидан, ҳар доим бўлмаса-да, иш маҳкамага оширилади. Таъсир ўтказишда айбдор деб топилган шахс беш йилгача қамоқ жазоси ва 500000 евро миқдоридаги жаримага тортилиши мумкин.

"Далил-исбот кам"

Терговчилар 59-ёшли жаноб Саркози ўз президентлик кампанияси борасидаги тергов ҳақида яширинча маълумот олиш эвазига ҳакам Азиберга Монакодаги нуфузли лавозимни ваъда қилган ё қилмаганлигини аниқлашга уринмоқдалар.

Жаноб Саркози Париждаги маҳкамада кўриниш бериши ортидан ярим тунда полициядан озод қилинди.

Жаноб Ҳерцогнинг адвокати Пол-Албер Ивейн мазкур иш фақат "яширин телефон суҳбатлари"га асослангани, ҳамда "уларнинг нақадар қонуний экани қаттиқ сўроқ қилиниши" мумкинлигини билдирди.

"Бу иш кўп далил-исботга асосланмаган. Мен кўрган материалларнинг ҳеч бири даъволарга асос бўла олмайди", - деди у.

Жаноб Саркози 2007 ва 2012 йиллар орасида Франция президенти бўлган ва 2017 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда яна ўз номзодлигини илгари суриши кутилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer