Қуддусда ўлдирилган ўсмирнинг дафн маросими кечиктирилди

Image caption Шарқий Қуддусда ўғирланган Муҳаммад Ҳудайр жасади Ғарбий Қуддусдан топилган.

Бир кун олдин Шарқий Қуддусда ўғирлаб кетиб, ўлдирилган ўсмирнинг дафн маросими жасадни очиб кўриш муҳимлиги туфайли қолдирилган.

Боланинг отаси уни шу бугуннинг ўзи тупроққа беришга имкон бўлишига умид билдирган.

Фаластинликлар бугун тушдан кейин дафн маросими ўтказишга ҳозирланаётган эдилар.

17 ёшли Муҳаммад Абу Худайрнинг ўлими ҳам Исроил, ҳам Фаластин раҳбарлари томонидан қораланди.

Исроил полицияси фаластинлик ўсмирнинг жасадини Ғарбий Қуддусдан топган.

Исроил полицияси қотиллик ортидаги сабаблар ҳақида маълумот бермаган, бироқ фаластинлик манбалар бу афтидан уч исроиллик ўсмирларнинг ўлимига жавобан қасддан қилинган ҳаракат эканини айтганлар ва боланинг ўлимида Исроилни айблаганлар.

Қотиллик иккала томон ўртасида катта тўқнашувларни келтириб чиқарди.

Қуддусдаги Би-би-си мухбири Кевин Коннолига кўра, Исроилнинг Ғазо бўлгасига ҳаво ҳужумлари шу ҳафта бошида уч яҳудий боланинг ўғирланиши ва қатл этилишига қарши қасд амали деб қараш нотўғри.

Чоршанба куни Фаластин томони Исроилни ракета ҳужумларига тутган.

Пайшанба эрта тонгда Ғазога қарата отилган қатор ракеталар Фаластиннинг ҳужумига жавоб амали бўлганини айтган Исроил ҳарбийси.

Исроил армиясидаги манбаларга кўра, ҳаво ҳужумларидан мақсад ХАМАС ва Исломий жиҳод гуруҳлари томонидан ракета ишлаб чиқарадиган ва машқ ўтказиш марказларини яксон қилиш бўлган.

Ғазонинг Соғлиқни сақлаш вазири Ашраф ал-Қидранинг Би-би-сига билдиришича, ҳаво ҳужумлари натижасида яраланган 10 фаластинлик касалхонага олиб кетилган.

Image caption Исроил пайшанба куни Ғазо бўлгасини ҳаво ҳужумига тутди.

Бироқ отишмалар Исроил ва Фаластиндаги ўсмирлар ўлдирилиши орқасидан вазият яна таранглашган манзарада юз бермоқда.

Ғазо чегарасида кўп сонли Исроил аскарлари келтирилгани хабар қилинмоқда. Исроил ўзининг бу қадамини жангарилар ҳужумларини дарҳол қайтариш учун дея изоҳлаган.

"Энг қаттиқ жазо"

Муҳаммад Абу Худайрнинг дафн маросими маҳаллий вақт билан 13 да, пешин намози пайти бошланиши кутилган.

Мухбирлар дафн маросими тўқнашувларга айланиб кетиш хавфи борлигини айтишган. Бундан олдин чоршанба куни ўлдирилган ўсмирнинг уйи атрофида содир бўлганди.

Image caption Муҳаммад Абу Ҳудайрнинг ўлими норозиликлар тўлқинини келтириб чиқарган.

Ғазабланган одамлар полицияга тошлар отганлар, полиция ўз навбатида уларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ, шовқин гранаталари ва резина ўқлардан фойдаланган.

Гувоҳлар ўсмир бола чоршанба куни эрталаб араблар яшовчи Шуфат туманида машинага зўрлаб тиқиб олиб кетилганини айтганлар. Бир неча соат ўтиб унинг қисман ёниб кетган жасади Ғарбий Қуддусднинг Гиват Шаул тумани яқинидаги ўрмондан топилган.

Чоршанба куни Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Исроил ҳукуматидан 17 ёшли ўсмир қотилларини топиш ва қаттиқ жазо беришга чақирди.

Image caption Фаластинлик намойишчиларни пайшанба куни эрта тонгда ҳам кўриш мумкин эди.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ҳам қотилликни "жирканч" деб атаган ва полицияга "ўсмирларнинг ўлими ортида ким турганини аниқлашни" топширган.

У шунингдек, иккала томонни ҳам ўз-ўзини суд қилишдан, қонунни қўлга олишдан тийилишга чорлади.

Бундан аввалроқ ўлдирилган яҳудий болалардан бирининг оиласи охирги қотилликни қоралаб мурожаат қилган.

Уч яҳудий ўсмирнинг жасади ўғирланганидан икки ҳафта ўтиб, Хеврон шаҳри яқинидаги ҳудуддан топилган. Улар сешанба куни дафн этилган эди.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ