Фаластинлик ўсмирнинг дафн маросимига минглаб одамлар тўпланишган

Ўлдириб кетилган фаластинлик ўсмирнинг жасади Шарқий Қуддус кўчаларидан олиб ўтилган.

Дафн маросими олди минглаб одамлар тўпланаркан, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

17 ёшли Муҳаммад Абу Хдайрнинг оиласи ўз жигарларининг ўлдирилиши ўтган ой Ғарбий Соҳилда уч исроилликнинг ўғирлаб кетилгани ва кейинроқ жасадлари топилгани билан боғлиқ эканига ишонади.

Аммо, қотилликка ундаган сабаблар тасдиқлангани йўқ, Исроил полицияси ҳодиса юзасидан текширув олиб бормоқда.

Муҳаммад Абу Хдайрнинг дафн маросими Шуафат туманидаги уйи яқинида бўлиб ўтади.

Қуддус шарқидаги бошқа 2 ҳудудда юзлаб фаластинлик ёшлар полиция билан тўқнашишган.

'Оташкесим'

Би-би-сига англашилишича, Ҳамас Исроилнинг Ғазо Бўлгасига ҳаво амалиётларини тўхтатиши эвазига ўз ракета ҳужумларини чек қўйишини таклиф қилган.

Фаластин жангари гуруҳидаги манбанинг айтишича, Миср жосуслик хизмати расмийлари эҳтимолий оташкесимга воситачилик қилишган. Исроил тарафи бу борада изоҳ бермаган.

Исроил армиясига кўра, Ғазодан жума куни 4та ракета отилган. Талофатлар борасида хабар қилинмайди.

Шарқий Қуддусда ўлдириб кетилган фаластинлик ўсмирнинг дафн маросими олдидан танглик кучайган.

Ўтган бир неча кун асносида Исроил Ғазодан отилган ракеталарга жавобан ҳаво ҳужумларини уюштирганди.

Исроил армиясига кўра, жума куни Ғазодан 4та ракета отилган.

Аввалроқ, Ҳамас манбаси Би-би-сига гуруҳ ва Миср расмийлари ўртасида "қизғин мулоқотлар" ортидан "Ҳамас ва Исроил ўртасида янги сулҳга эришилган"ини айтган. Шунингдек, манба "оташкесим келишуви бир неча соатларда" эълон қилиниши ҳақида билдирган.

Унга кўра, Ҳамас Исроил тарафи агар ҳаво ҳужумлари тўхтатилишига ишонтирса, ракета отишга чек қўйишга тайёрлигини айтган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ