Британиялик уламолар мусулмонларни Сурия ва Ироққа бормасликка чақирди

Юздан ортиқ британиялик имомлар Британия мусулмонларига очиқ хат ёзиб, Сурия ва Ироққа урушга бормасликка даъват қилганлар.

Очиқ хат Британия хавфсизлик хизматлари томонидан 500 британиялик Сурия ва Ироққа кетгани ҳақида маълумотлар юзага чиққанидан сўнг янграмоқда.

Шунингдек, хат мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида, шу билан бирга Яқин Шарқ ва Ғарб ўртасида муносабатлар таранглашган вазиятда эълон қилинмоқда.

Лидслик имом Муҳаммад Асим қори "Бу борада кўп иш қилиниши лозимлиги, бу фақат имомлар ва мусулмон жамоалари вазифаси эмас"лигини таъкидлайди Би-би-сига.

"Хавфсизлик идоралари, жосуслик хизматлари ҳамма биргаликда ишласа, ёш британияликларни кимлардир ўз сиёсий мақсади учун фойдаланиши олдини олиш мумкин", дейди имом.

Диний уламолар мактубида Рамазон меҳрибонлик ва саҳоват ойи экани, Сурия ва Ироқдаги инқироздан азият чекканларга инсонпарварлик кўмакларини давом эттириш лозимлиги, лекин бу ҳаракатлар Британия учун хатарсиз ва масъулиятли равишда бажарилиши лозим"лиги айтилади ва мусулмонларни ҳар хил оқим, ҳаракатларга қўшилиб қолмасликка чақирилади.

Би-би-си британиялик жиҳодчидан олган интерьюни берган. Гапириш оҳангидан Англия шимолидан эканлиги тахмин қилинган Абу Усама деган шахс Британияда зулмдан бошқа нарса кўринмайди, дейди.

У Сурияда жанг қилаётгани ва Британияда "Исломнинг қора байроғи"ни ўрнатмагунча уйига қайтмоқчи эмаслигини айтган.

"Мен қачондир Англияга қайтмоқчи бўлсам, бу Исломий халифалик Англияда ғалаба қозонганидагина рўй беради. Мен Исломнинг қора байроғини Букингам саройи, Тауэр кўприги ва Биг Бенд устига ўрнатиш учун келаман", дейди у.

Абу Усаманинг айтишича, Сурияга келишига дастлаб оиласи қаршилик қилган. "Бу улар учун оғир эди. Қайси она боласини йўқотишни истайди", деб сўзлайди у. "Лекин мен уларга суратимни юбордим ва вазиятни тушунтирдим. Энди улар мени тушунишлари мумкин. Улар албатта қўрқишди. Лекин мен у дунёда албатта учрашишимизни, бу ҳаммаси вақтинча ажралиш эканини айтдим. Онам мени Аллоҳга топширди", дея ҳикоч қилади британиялик жиҳодчи.

У ўзининг Сурияга борганига 12 ой бўлгани ва бу вақт ичида ҳарбий машқлардан ўтиб, бомбалар ясагани ва армияга қарши "Ал Қоида"га алоқадор Нусра Фронти таркибида жанг қилганини билдиради. Бироқ унинг сўзлари расман тасдиқлангани йўқ.

Апрел ойида Лондон полицияси мурожаат билан чиқиб, яқинлари Суриядаги жиҳодчилар сафига қўшилгани ҳақида хавотири бўлган оилалар бу ҳақда ўзларига хабар беришларини сўраган.

Полиция бошлиқлари бирлашмаси раҳбари Питер Фахининг Би-би-сига айтишича, дунёқараши ҳали тўлиқ шаклланмаган ёш мусулмонлар, жумладан қизларнинг радикал оқимларга қўшилиб қолаётган ҳолатлар аниқланган.

"Бизда Сурияга йўл олган британиялик жиҳодчи келинлар ҳақидаги хабарлар бор", дейди у.

Ўтган ойда Ироқ ва Шом давлати жангарилари эълон қилган видеода британияликлар намоён бўлишган.

Видео лавҳада Асир Мутанна Исломий халифалик тузиш асосий мақсадлари эканини айтади.

Шунингдек, унинг укаси Носир икки британиялик йигит Кардиф шаҳрилик 20 ёшли Раяд хон ва Абердинда ўсган Абдул Рақиб Амин ҳам видеода мусулмонларни жиҳодга чақиради.

Олдинроқ, Британияда Ассад армиясига қарши Сурияда исёнчи армияни тайёрлаш ва таъминлаш режаси тузилгани, бироқ бу режа ўта радикал ҳисобланиб рад қилингани ҳақида хабарлар чиққан.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02