Ироқ: Ҳиндистонлик 46 ҳамшира уйларига қайтган

Ироқнинг Тикрит шаҳрида ИШИД жангарилари тутқунлигидан озод бўлган ҳиндистонлик ҳамширалар махсус рейс билан Мумбай шаҳрига етиб келганлар.

Сунний жангарилар Тикритни ишғол қилган пайтда шаҳардаги касалхонада хизмат қилган Ҳиндистоннинг Керала штатилик қизлар қўрқиб қочганлар. 46 ҳамшира бир неча кун ертўлада жон сақлашга мажбур бўлган.

Ҳамшираларни ертўладан топган жангарилар уларни Мосул шаҳрига жўнатган.

Шундан сўнг қизлар курдлар назоратидаги Ирбилга ўтказилган ва Ҳиндистон ҳукумати вакилларига топширилган.

Ҳамшираларнинг айтишича, ваҳималарга қарамай сунний жангарилар уларга яхши муомалада бўлишган, лекин шаҳарда вазият оғирлигича қолмоқда.

Биз жуда хурсандмиз, чунки ҳеч қачон у ердан чиқиб кета оламиз, деб умид қилолмасдик, аҳвол жуда мураккаб эди, деб айтади озод қилинган ҳамширалардан бири Марина Хосе.

Кочи аэропортида ҳамшираларни уларнинг оила аъзолари ва Керала штати бош вазири Омен Чанди кутиб олган.

Ҳамшираларнинг қайтиши Ҳиндистон телевидениеси орқали кенг ёритилган.

Ироқда жанглар бошланмасидан олдин 10 мингдан ортиқ ҳиндистонлик ишлаган, ўнлаб ҳиндистонлик вазият ёмонлашгач, ортга қайтиб кетган.

Лекин кўп ҳиндистонликлар Ироқда ватандагидан кўра кўпроқ маош олишлари боис, уйга қайтиш ёки жанг кетаётган ҳудудда қолиш тўғрисида бир қарорга келиши қийин кечмоқда.

Ироқ шимолини қўлга киритган ИШИД жангарилари ушбу ҳудудларда Исломий халифалик барпо қилганини билдирди.

Тикритда жангарилар ва ҳукумат кучлари ўртасида қақшатқич жанглар кечган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ