Украина: Бўлгинчилар Славянскни бутунлай тарк этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Славянск бўлгинчиларнинг асосий истеҳкомларидан бири ҳисобланарди.

Украина армияси россияпараст бўлгинчиларга қарши йирик амалиёт бошлар экан, бўлгинчилар мамлакат шарқидаги асосий истеҳкомларидан бири - Славянск шаҳрини ташлаб чиққанлар.

Бўлгинчиларга кўра, армиянинг "сон жиҳатдан устунлиги" уларни Краматорск шаҳрига кўчиб ўтишга мажбурлаган.

Украин ҳарбийлари мамлакат байроғини Славянск шаҳри ҳокимияти биноси тепасига тикканлар.

Расмийларга кўра, аскарлар исёнчилар ташлаб чиққан бинони тозалашга тушган.

Славянскдан ташқари яна икки кичик шаҳарчанинг ҳукумат қўшинлари назоратига ўтгани хабар қилинган.

Украина кучлари ўн кунлик оташкесим бузилгач, шу ҳафта бўлгинчиларга қарши амалиёт бошлаганди.

Киевдаги Би-би-си мухбири Девид Стерннинг айтишича, Славянскнинг бўлгинчилардан тозаланиши ҳукумат учун йирик ғалабадир.

Украина шарқидаги исёнчилик ҳаракати апрел ойида айнан Славянск шаҳридан бошланган эди.

"Уруш истаги йўқ"

Ҳам ҳукумат мулозимлари ва ҳам исёнчилар раҳбарлари Славянск шаҳрида бўлгинчилар қолмаганини тасдиқлашган.

Бўлгинчиларнинг "Донецк Халқ Республикаси" бош вазири, Александр Бародай, бўлгинчилар веб сайтида шундай деб ёзган:

"Душман сон жиҳатдан яққол устун бўлгани учун бизнинг одамлар ўз мавқеларидан чекинишга мажбур бўлдилар."

Бўлгинчилар Славянскка яқин Краматорск шаҳрига кўчиб ўтганлари ҳақида хабар берганлар.

Аммо гувоҳлар сўзларига кўра, ўнлаб исёнчилар Краматорскдаги назорат нуқталарини ташлаб, Донецк шаҳрига қараб йўл олганлар.

Исёнчиларга иқтибосан хабар қилинишича, Славянск шаҳрини ташлаб чиқиш қарори бўлгинчиларнинг ҳарбий раҳбари, Игорь Стрелков, томонидан олинган.

Асл номи Игорь Гиркин бўлган жаноб Стрелков жума куни Россияни ҳарбий ёрдамга чақирган эди.

Игорь Стрелков, гўёки, бўлгинчиларда "уруш истаги йўқ", деб айтган.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ