Афғонистон сайлови: Ашраф Ғани Аҳмадзай олдинда

Афғонистон Мустақил Сайлов Комиссиясининг эълон қилишича, мамлакатда ўтказилган президентлик сайловлари иккинчи давраси илк натижалари Ашраф Ғани Аҳмадзай 56.44 фоиз овоз билан олдинда кетаётганини кўрсатган.

Унинг рақиби Абдулло Абдулло 43.56 фоиз овоз олган.

Сайловларнинг 5 апрел куни ўтказилган биринчи даврасида икки асосий номзод доктор Абдулло 45 фоиз ва Ашраф Ғани 31.5 фоиз овоз олганлари эълон қилинганди.

Бу мамлакат қонунларида тақозо этилган ғолиб учун камида 50 фоиз овозни олиши керак, деган талабга жавоб бермагани учун 14 июн куни иккинчи давра сайловлар ўтказилиши режаланди.

Абдулло Абдулло сайловларнинг иккинчи даврасида қаллобликларга йўл қўйилганлигини даъво қилиб, сайлов расмийлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиб келмоқда эди.

У сони 11 минг дея айтилган "қаллоблик йўли билан" берилган овозлар бекор қилинмагунга қадар сайловлар натижаларини тан олмаслигини билдирганди.

Абдулло Абдулло 2009 йилги сайловларда ҳам қатнашиб, ҳозирда қудратни топшираётган Ҳомид Карзайга асосий рақиб бўлганди.

2001-2006 йилларда Ташқи Ишлар вазири вазифасини бажарган Абдулло Абдулло 2009 йилдан бери мухолифат раҳбарларидан биридир.

Унинг этник келиб чиқиши аралаш, тожик-паштундир.

Лекин, тожиклар етакчи ролни ўйнаган Шимолий Иттифоқда муҳим рол ўйнагани учун асосан тожиклар вакили сифатида ҳам кўрилади.

Ашраф Ғани Аҳмадзай Ҳомид Карзай ҳукуматида 2004-2006 йилларда Молия вазири лавозимини эгаллаган.

Шунингдек, у Жаҳон Банкида ҳам ишлаган бўлиб, замонавий "технократ" сиёсатчи сифатида кўрилади.

Иккинчи давра сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон қилар экан, Мустақил Сайлов Комиссияси раиси Аҳмад Юсуф Нуристони ҳали ҳамма овозлар санаб чиқилмагани ва шунинг учун, ниҳоий натижа ўзгача бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ҳақида ҳам айтди.

Сайловлар натижларининг эълон қилиниши қатор қаллобликлар ҳақидаги шикоятлар туфайли бир неча бор кечиктирилганди.

Жаноб Нуристони сайловлар жараёнида муаммолар бўлганлигини тан олиб, баъзи кузатувчилар "холис бўлмаганликларини" айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ