Хитой президенти АҚШ-Хитой қарама-қаршилиги “ҳалокатли бўлади” демоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS
Image caption Ши жаноблари ўзаро ҳурмат тарафдори

Президент Ши Жинпинг Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги қарама-қаршилик “ҳалокатли” бўлишини айтаркан, ўзаро ҳурматни қарор топтиришга чақирган.

Ши жанобларининг изоҳлари Пекинда кечаётган Хитой-АҚШ йиллик саммити пайти янграган.

Дипломатлар Хитой пул бирлиги, Шимолий Корея ва Жанубий Хитой денгизидаги танглик масалаларини муҳокама этишлари кутилади.

Америка делегациясига Давлат котиби Жон Керри етакчилик қилмоқда.

Саммит очилишида Жон Керри АҚШ Хитойни “жиловлаш” илинжида эмаслигини айтган.

Жаноб Ши, ўз навбатида, икки мамлакат манфаатлари ҳозир “бир-бирига ҳар қачонгидан ҳам чамбарчас боғлиқ” эканига урғу берган.

Хитой раҳбари чиқишида ҳамкорлик икки томон учун манфаатли бўлиши таъкидланган.

“Хитой-Америка қарама-қаршилиги икки мамлакат ва дунё учун аниқ ҳалокат бўлган бўларди”, деган Ши Жинпинг.

Май ойи Қўшма Штатлар маъмурияти Хитойнинг 5 ҳарбий зобитини Америка бизнесларига кибер ҳужумлари уюштиришда айблади.

Пекин эса, айбловларни қатъиян рад қилди ва АҚШ Хитойга қарши кибер ҳужумлари бошлашда масъуллигини айтди.

“Биз ўртада ўзаро ҳурматни сақлашимиз ва бир-биримизга тенг муносабат қилишимиз керак. Мамлакатларимиз суверенитети, ҳудудий бирлиги ҳамда тараққиёт йўлидаги танловларимиз ҳурмат қилиниши зарур”, дейди Хитой раҳбари.

Айни пайтда жаноб Керри Америка “Хитойни жиловлаш илинжида эмас”лигини айтаркан, Пекинни муайян масалаларда фарқли тарафларни эгаллаган пайт “умумий стратегия”га халақит қилмасликка ундаган.

Президент Обама ҳам ўз баёнотида Қўшма Штатлар “барқарор, осойишта ва иқтисодий бой Хитой”ни хуш қаршилашини қайд этган.

'Масъулият'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Керри Хитойни "жиловлаш" ниятида эмас...

Америка раҳбарлари, шунингдек, Хитойни Осиёда барқарорликни сақлашда ўз зиммасидаги вазифасини адо этишга чақиришган.

Керри жаноблари АҚШ Хитойнинг “минтақа барқарорлиги ва тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ва халқаро масалаларда жавобгарлик ролини зиммасига олиши”дан мамнуният билдирган.

Музокаралар Хитой минтақадаги қатор қўшнилари билан келишмовчиликлар устида турган пайтда кузатилмоқда.

Мисол учун, Ветнам ва Филиппин билан муносабатлар Жанубий Хитой денгизи масаласида таранг бўлиб турибди.

Америка Филиппинда қўшма ҳарбий машқлар ўтказиш билан бирга у ердаги ҳарбий ҳозирлигини ҳам кучайтирган.

Мазкур қадам эса, Хитойда хавотирларни пайдо қилган.

Сўнгги машқлар Жанубий Хитой денгизининг баҳсли ҳудуди яқинида икки ҳафта олдин ташкил қилинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ