"Менинг мужоҳид ўғлим"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Гуржи мужоҳид

"Ироқ ва Шом Исломий давлати” қўмондонларидан бири Умар аш-Шишани ҳозир Яқин Шарқдаги энг ашаддий жиҳодчилардан биридир, бироқ унинг ёшлиги мутлақ ўзгача ўтган.

Исломий қўмондон Грузиянинг гўзал Панкиси дарасида туғилган ва вояга етган.

Ватанида уни Тархон Батирашвили деб билишади.

Тархан Биркиани қишлоғида яшаган. Унинг насроний отаси ҳали ҳам ўша ерда кичик одмигина уйда истиқомат қилади.

Сурия ва Ироқдаги жиҳод Шишани учун жанг майдонидаги илк тажриба эмас.

У 2008 йил Россия билан қисқа уруш кечган пайти Гуржистон армияси сафида хизмат қилган.

Қурол­–яроғ

Отаси Темур Батирашвилининг айтишича, ўғли хасталикка чалингач, армия сафидан чиқарилади ва ўшандан ҳамма нарса тескари кета бошлайди.

У иш топишга қийналади ва уйига ўтказилган рейд пайти ҳибс қилинади.

“Бир кеча даҳшатли овоздан уйғониб кетдим – биров эшикни қаттиқ урарди. Бу полиция эди. Эшик тагида йиғма курси-каравот бўларди, уни ёнидан ҳар куни ўтиб–қайтардим”, дея эслайди Батирашвили.

“Полиция мени чақириб, курси-каравот тагидан бир қути қурол–яроғ олди ва: “Нима бу?” деб сўради.

Мен: “Билмайман. У аввал йўқ эди бу ерда”, дедим.

Хабар қилинишича, Шишани қурол–яроғ сақлаганликда айбланган.

Аммо, отасининг қўшимча қилишича, Шишани айбдор топилиб, қамоққа ташланганидан сўнг ростмана ўзгарган.

Амнистия туфайли озод бўлгач, у Сурияга йўл олган.

Image caption Шишани Гуржистонда экан отасига "бу ерда ҳеч кимга керак эмасман", деб айтган

Оилавий суратлар

“У менга: “Ота, бу ерда мен ҳеч кимга керак эмасман”, деди”, деб эслайди Батирашвили

Кетишидан олдин Шишани уйдаги барча оилавий суратларни олиб ташлайди.

У янги динни қабул қилган эди.

“Буни пайқамаган эканман, бир куни албомни олиб суратларни кўрай десам, у ерда ҳеч нарса қолмабди”, дейди Батирашвили.

У ўзининг ўртанча ўғли ҳам радикаллашиб, мамлакатни тарк этганини айтади.

“Уч ўғлим бор ва уларнинг барчаси мусулмон бўлган. Мен насронийман. Черковга бораман”.

“Менинг отам ҳам ва ё бобом ҳам мусулмон бўлишмаган. Биз ҳаммамиз шу муқаддас жойларда ибодат қилганмиз. Буларнинг учаласи ҳам радикал мусулмон”, дейди ота.

Жаноб Батирашвилига кўра, Шишанининг радикаллашига қашшоқлик сабаб бўлган.

“Иложсиз қолган пайтингиз ҳар нарса қиласиз. Ҳозир у динини деб кетди. Бироқ, мен биламан, у биз камбағал бўлганимиз учун бу йўлга кирди”, дейди.

Шу билан бирга, Темур Батирашвили вақт ўтиши билан Шишанининг қизиқишлари ўзгарганган бўлиши мумкинлигини тан олади.

"Ҳа, ҳозир у урушни бошқараётганига сабаб пул эмас”, дейди Батирашвили.

"Телефонни ўчириб қўйди"

Темур Батирашвили нафақаси ва ҳали ҳам қишлоқда яшаётган тўнғич ўғли Тенгизнинг ёрдами билан кун кўради.

Кетганидан бери Шишани бир мартагина қўнғироқ қилган.

У чечен аёлига уйлангани ҳақида айтган. “У: “Қизим бор ва у сизга ўхшайди. Исми София”, деди”

Шунингдек, Шишани отасидан ҳали ҳам ибодат қилиш қилмаслигини сўраган.

У ҳали ҳам насроний экани ҳақида айтаркан, у телефонни қўйиб қўйган ва қайта ҳеч қачон сим қоқмаган.

Дарадаги диндорроқ одамлар орасида Шишани Суриядаги фаолияти учун ҳурмат ҳам қозонган.

Айрим маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишларича, яна қатор одамлар унинг изидан бориш учун ҳудудни тарк этишган.

Темур Батирашвили эса, оиласининг ёмонотлиғ бўлганидан қайғуради. “Бундай шуҳратни нима қилай? У (Шишани) ҳеч қачон кетмасайди. Аммо, эҳтимол Сурияга урушга бориш унинг пешонасига ёзилган бўлгандир”, дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ