Ҳамас ракеталарига жавобан Исроил ҳаво ҳужумларини кучайтирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исроилга кўра, Ғазо бўлгасидан Ҳамас гуруҳи отган ракеталарга жавобан бўлгадаги 160 нуқта сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси ҳаво ҳужумларига тутилган.

Ғазодаги тиббиёт маъсулларига кўра, Исроил ҳаво ҳужумлари бошланганидан буён 25 инсон ҳалок бўлган, 70 киши яраланган.

Исроил ҳарбийлари хабар қилишича, 8 июлдан 9 июлга ўтар кечаси Ғазодан Исроилнинг жанубий ҳудудига тўртта ракета келиб тушган, Тел-Авив осмонида эса икки ракетани уриб туширишга муваффақ бўлинган.

Исроил томони сешанба куни жами Ғазодан 117 ракета отилгани, Исроил осмонини мудофаа қилиш мақсадида барпо этилган "Темир гумбаз" тизими 20 ракетани уриб туширгани хабар қилинган.

Қуддус шаҳри атрофига уч ракета келиб тушган.

Исроил шимолидаги Хадера шаҳрига ҳам ракета бориб тушган, бу илк марта Ғазодан 100 километр ичкаридаги Исроил ҳудудига ракета етиб бориши бўлган.

Бу М-302 "қуруқлик-қуруқлик" русумидаги ракета бўлгани хабар қилинган.

Ҳамас ракеталарига жавобан Исроил "Ҳимояланган чекка амалиёти" деб номланган амалиётларни бошлаган, ушбу амалиёт доирасида Ғазо бўлгасидаги жами 440 нуқта ҳужумга тутилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тун мобайнида ракета отилган деб кўрилган 118 жой, Ҳамаснинг 10 та қўмондонлик ва назорат маркази, 10 та туннел нишонга олингани ҳақида айтган Исроил тарафи.

Ҳамаснинг қуролли қаноти бундан кейин барча исроилликлар ўзларининг нишонига айлангани ҳақида огоҳлантирган.

Исроил ракета ҳужумларини тўхтатиш мақсадида Ғазога пиёда қўшинлар киритиши мумкинлигини эълон қилган.

Захирадаги 40000 киши ҳарбий чақирувга чақирилган.

"Бирор бир мамлакат бундай хавф остида яшамайди ва бирор бир мамлакат буни қабул қилмайди. Бироқ биз Ҳамас ва Ғазодаги бошқа террорчи ташкилотларга қарши амалиётларимизни салмоқли даражада кенгайтирдик", деб айтган Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняху.

Фаластин маъмурияти Президенти Маҳмуд Аббос Исроилдан зудлик билан Ғазога ҳужумларини тўхтатишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ