Украина инқирози: ОИ янги жазо чораларини киритмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сўнгги ҳафталарда украин ҳарбийларининг қўли баланд келаётгани кузатилади

Оврўпо Иттифоқи Украинадаги воқеалар сабаб яна 11 нафар шахсга жазо чораларини киритмоқда.

Бу ҳақдаги қарор ОИнинг доимий вакиллар даражасидаги қўмитаси мажлисида қабул қилинган.

Рейтер агентлигининг дипломатик манбаъларга таяниб хабар беришича, рўйхатга кимларнинг киритилгани шанба куни Оврўпо Иттифоқининг расмий нашрида эълон қилинади.

Рўйхатнинг асосан Украинадаги бўлгинчилар раҳбарларидан ташкил топгани айтилмоқда.

"Унда Россиянинг ҳам бир ёки икки фуқароси бўлиш мумкин", - деб айтган Брюсселдаги манбаъ Рейтер агентлигига.

Ҳозирнинг ўзида Россия ва Украинанинг 60 дан ортиқ фуқароларига нисбатан ОИ жазо чоралари амал қилмоқда.

Оврўполик дипломатларга кўра, бу шахслар украин инқирозига "шахсан ҳисса қўшганлар".

Бундан ташқари ОИ жазо чоралари рўйхатига Қримдаги бир нечта йирик корхоналар ҳам киритилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россия газига қарам Оврўпо қаттиқроқ жазо чораларига шошилмаяпти

Айни пайтда Украинадаги инқироз ёйилгани тақдирда, Россия иқтисодининг бутун-бошли соҳаларига қарши жазо чоралари қўллаш ғояси ҳануз кун тартибида турибди.

АҚШ "соҳавий жазо чоралари" ғоясини фаол илгари сурмоқда, аммо Россия газига қарам бўлган Оврўпо бу каби чораларни қўллашга шошилмаяпти.

Украинанинг ўзида мамлакат шарқидаги бўлгинчилар билан юз берган янги тўқнашувларда уч нафар украин аскари ҳалок бўлган, 27 нафари яраланган.

Украина ҳукуматининг Аксилтеррор амалиёти штаби тарқатган маълумотга кўра, аскарлардан бири чоршанба куни Луганск яқинида ҳарбийлар бораётган юк машинасига пулемётлардан ўт очилган чоғ ўлдирилган.

Яна икки аскар эса, Донецк яқинида йўл четига ўрнатилган бомбанинг портлаши натижасида ҳалок бўлган.

Сўнгги ҳафталарда украин ҳарбийларининг қўли баланд келаётгани кузатилади, бундан илҳомланган Президент Порошенко ҳарбий ҳужумни даво эттиришга буйруқ берган.

Айни пайтда у Донецкда яшайдиган катта сондаги тинч аҳолини ҳисобга олиб, ҳаво зарбалари ва артиллерия қўлланмаслигини айтган.

Украин ҳарбийларини Донецк ва Луганскни бўлгинчилардан бутунлай тозалаш режасига эга эканликларини айтишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ