Олмония АҚШ жосуслик агентлиги расмийсини чиқариб юборди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption АҚШ элчихонаси Олмония парламентининг ёнида жойлашган

Олмония ҳукумати ўз ҳудудидаги АҚШ жосуслик фаолиятига жавобан, Берлиндаги америкалик Марказий Жосуслик Агентлиги (МЖА) расмийсини мамлакатдан чиқариб юборган.

Олмон сиёсатчилининг ғазабини қўзғаган можарога биноан, мазкур расмий АҚШ элчихонасидаги "МЖА одами" бўлган.

Ўтган ҳафта 31 ёшли олмон хавфсизлик расмийси айғоқчиликда айбланиб қўлга олинганди.

Чоршанба куни тарқатилган хабарларга кўра, бир олмон аскари устидан ҳам тергов бошланган.

"Америка Қўшма Штатларининг Олмониядаги элчихонасидаги АҚШ жосуслик хизмати вакилига Олмонияни тарк этиш буюрилди", - деди ҳукумат воизи Штеффен Шайберт.

Олмон парламентининг мазкур масала билан шуғулланаётган қўмитаси раиси АҚШ расмийсининг чиқариб юборилишига америкаликларнинг олмон сиёсатчилари ҳақида махфий маълумот йиғиши, ҳамда буни тергов қилаётган олмон ҳукумати билан ҳамкорлик қилмагани сабаб бўлганини айтди.

АҚШ ҳукумати ўтган ҳафта ҳибсга олинган олмон жосуслик агентлиги ходими АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлигига махфий ҳужжатларни узатиб келгани борасидаги даъволарни рад этмади.

Аммо, АҚШга бир олмон аскари ҳам маълумот етказиб тургани борасидаги охирги маълумотлар анча жиддийроқ қабул қилинмоқда. Ҳеч ким ҳибсга олинганича йўқ, бироқ мудофаа вазирлиги ва бошқа жойларда тинтувлар ўтказилган.

АҚШ ва Олмония бир неча йиллардан бери яқин иттифоқчи бўлиб келадилар, бироқ ўтган йили Канцлер Ангела Меркелнинг мобил телефони америкалик жосуслар томонидан эшитилгани аён бўлгач, алоқалар совуқлашди.

Би-би-си АҚШнинг муносабатини билиш учун Оқ Уй расмийсига мурожаат қилганида, у шарҳ беришдан бош тортди, лекин Олмония билан муносабатлар икки томон учун ҳам муҳим эканини айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer