HRW: Ироқ кучлари '255 нафар сунний маҳбусларни ўлдирган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption ИШИД жиҳодий гуруҳи Ироқ шимоли-ғарбининг катта қисмини назорат қилмоқда

Инсон ҳақлари ташкилотининг айтишича, афтидан, Ироқ ҳукумати ва у билан алоқаси бўлган жангарилар 9 июндан буён 255 нафар маҳбусни қатл қилган.

Қотилликлар Ироқ ва Шом Исломий Давлати жиҳодий гуруҳининг ҳужумлари учун қасос амали бўлиши мумкин.

Ҳюман Райтс Вотчга кўра, ўлдирилган маҳбусларнинг ҳаммаси сунний мусулмонлар, хавфсизлик кучлари эса асосан шиалардан иборат бўлган.

Қотилликлар Ироқнинг олти жойида - Мосул, Тал Афар, Бақуба, Жумарҳе, Рава ҳамда Ҳиллада содир этилган:

"Қонундан ташқари оммавий қатллар уруш жиноятлари ёки инсониятга қарши жиноятларнинг далили бўлиши мумкин. Улар ИШИД (Ироқ ва Шом Исломий Давлати) олиб борган қирғин учун қасос амалига ўхшайди", дейилади баёнотда.

Ўтган ой ИШИД исёнчилари шимоли-ғарбий Ироқнинг катта қисмини забт этган эди. Гуруҳ ўзи бошқараётган ҳудудларда шафқатсиз тартиб ўрнатгани билан ном чиқарган.

'Инсониятга қарши жиноят'

Ҳюман Райтс Вотч баёнотида айтилишича, шоҳидлар ва расмийлар билан суҳбатлар асносида ҳужжатлаштирилган қатллар "уруш жиноятлари ёки инсониятга қарши жиноятларнинг далили бўлиши мумкин".

Ироқдаги жорий инқироз ўта кучли мазҳаблараро зиддият тусини олган. Асосан шиалардан иборат Бағдоддаги ҳукумат сунний ИШИД жангчилари ва бошқа исёнчи гуруҳларни назорат қилишга қийналмоқда.

Айни пайтда Ироқ шимолидан келаётган хабарларга кўра, ироқлик курдлар шимолий Бай Ҳассан ва Киркук нефт майдонларини эгаллаб олишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мазҳаблараро уруш Ироқнинг ҳудудий яхлитлигига хавф солади

Ҳозирда курдлар билан Бағдоддаги ҳукумат ўртасида баҳслар кучайган.

Ироқ нефт вазирлиги курдларнинг нефт майдонларини босиб олишини қоралаган. Вазирлик тарқатган баёнотда "курдлар фурсатдан фойдаланиб, нефт иншоотларини босиб олиш ўрнига террорчи гуруҳларга қарши туришлари ва хавфсизликни қўллаб-қувватлашлари лозим"лиги айтилади.

Ироқнинг курд миллатига мансуб Ташқи ишлар вазири Ҳошияр Забарий жума куни Рейтер агентлигига агар тезроқ барча томонларни ўз ичига олган миллий ҳукумат тузилмаса, Ироқ бўлиниб кетиши мумкинлигини айтган.

"Ҳозирда мамлакат том маънода учта кўчага бўлинган-курд, қора давлат (ИШИД) ва Бағдод", деб айтган жаноб Забарий.

Би-би-сининг Ироқдаги мухбирига кўра, мазҳаблараро уруш янада кучайиши ва Ироқ парчаланиб кетиши эҳтимоли катта.

Охирги ойлардаги жанглар натижасида 1 миллиондан ортиқ одам уйларини ташлаб чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ