Шинжонда мусулмон талабалар "ейишга мажбурланган"

Image caption Хитой Рамазон ойи рўза тутишга илк бор тақиқ киритаётгани йўқ

Хитой ғарбидаги Шинжон минтақасидан қатор университет талабаларининг Би-би-сига айтишларича, уларга Рамазон ойи рўза тутиш тақиқланган.

Би-би-си суҳбатлашган уч мусулмон талаба нозик масала юзасидан гапирганлари учун ҳукумат тазйиқларига юз тутишлари эҳтимолидан қўрқиб, ўз номлари ошкор этилмаслигини исташди.

Талабаларнинг бизга айтишларича, улар рўза тутмасликларига ишонч ҳосил қилиш учун университет ўқитувчилари тарафидан ейишга мажбурланган.

Бош тортганлар эса, расмийлар тарафидан жазоланган.

Талабалардан бирининг айтишича: "Агар бу ерда рисоладагидек ҳаёт кечиришни истасангиз, рўза тутмаслигингиз керак".

Аксари мусулмон бўлган уйғур озчиликлар Шинжонда истиқомат қилишади.

Пекин яқинда кузатилган ҳужумлар учун мусулмон экстремистларни айблайди ва Шинжонда мустақил давлат ташкил этиш илинжида бўлган хорижий ташкилотлар турганини айтади.

Пайшанба куни Шинжон маҳкамаси 32 нафар уйғурни экстремистик адабиёт тарқатиш ва террорчи гуруҳлар тузишда айбдор деб топиб, турли муддатга озодликдан маҳрум этганди.

Аммо, кўплаб уйғурларнинг сўзларига кўра, уларнинг маданий ва диний қадриятлари оёқости қилиниши минтақада зўравонликларни келтириб чиқармоқда.

Ўтган ойда полиция идорасига ҳужум ортидан 13 уйғур ўлдирилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кўплаб уйғурларнинг сўзларига кўра, уларнинг маданий ва диний қадриятлари оёқости қилиниши минтақада зўравонликларни келтириб чиқармоқда

'Талабалар ўз иродаларига қарши боришга мажбур'

Би-би-сига гапирган талабалар рўза тутиш минтақа бўйлаб барча университетларда тақиқланганини айтишади.

Қатор давлат корхоналарида айни тақиқ жорий этилган.

Давлат шифохоналаридан бирида ҳатто мусулмон ходимларидан рўза тутмаслик юзасидан тилхат ёздириб олинган.

Рамазон ойи тонг отганидан қуёш ботгунича еб-ичмаслик Ислом фарзларидан бири ҳисобланади.

Одатда болалар, ҳомиладор аёллар, беморлар ва сафардагиларга рўза тутишдан озод қилинган.

Тарғибот амалиётларининг бир қисми ўлароқ, Шинжондаги давлат газеталарида еб-ичмаслик саломатлик учун хатарли экани борасида огоҳлантиришларга ўрин берилмоқда.

Хитой расмийлари Шинжонда рўза тутишни илк бор маън этаётганлари йўқ.

Бироқ, минтақада зўравонликлар ўсиб бораётган бир пайтда киритилаётган ушбу чекловлар тангликни кучайтириши мумкин.

Бизга гапирган Қошғарлик талабаларга кўра, уйғурларнинг еб-ичмаслик борасидаги расмий огоҳлантиришларга қулоқ тутмаслиги уларнинг келажакдаги карьераларига салбий таъсир қилиши мумкин.

Айрим ҳолатларда ҳатто талабалар дипломадан ҳам маҳрум қилиниши мумкин.

"Аксаримиз рўза тутишни истаймиз", дейди талабалардан бири. "Бироқ, мавжуд вазият боис ўз иродамизга қарши боришга қарор қилдик", дея қўшимча қилади у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ