Ғазодаги полиция ва хавфсизлик идоралари вайрон қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Ғазо бўлгаси 8 июлда бошланган бомбардимонларнинг энг кучлисига дуч келган. Исроил бўлгадаги полиция ва хавфсизлик идораларининг биноларини нишонга олган ва уларнинг аксари вайрон этилган.

Ғазо расмийларига кўра, олти кунлик ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликларнинг сони камида 159 га етган.

Шанба тунидаги ҳужум бир оила аъзолари бўлган 17 инсонни ўлдирган.

Ғазода жароҳатланган инсонлар сони 1000 дан ортган.

Исроил бўлгадаги 1320 "террор" нуқтасини ҳаво ҳужумига тутганини айтган.

Бу Хамаснинг Исроил ҳудудига отган 800 дан ортиқ ракетасига жавобан ҳужумлар дейилмоқда.

Хамас ракета ҳужумлари камида беш исроилликни жароҳатлаган.

Исроил Мудофаа қўшинлари зобитлари ҳали Хамаснинг қўлида минглаб ракеталар бор деб ишонишларини айтадилар.

Исроил Хамас гуруҳи жангариларини, жангарилар етакчиларининг уйлари ва қўл остидаги биноларини нишонга олаётганини айтади.

Бироқ шанба куни икки тарафни оташкесимга чақирган БМТ қурбонларнинг 77 фоизи тинч фуқаролар бўлганини эълон қилган.

Исроил армияси денгиз соҳилидаги ракета отилган жойга қуруқлик қўшинлари рейд уюштирганини хабар қилган.

"Миссия адо этилди. Отишма юз берди. Тўрт аскар енгил яраланди ва ватанга қайтди", дея Twitter да хабар қилган Исроил Мудофаа қўшинлари.

Бу мавзуда батафсилроқ