Россияга қарши жазо чоралари кучайтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Барак Обаманинг айтишича, жазо чоралари "Россияга иложи борича кучлироқ таъсир" кўрсатишга қаратилган.

Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи Россияга қарши жазо чораларини кучайтирди.

Ушбу қарорга Россиянинг Украинадаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги даъволар сабаб бўлган.

АҚШ Россиянинг Газпром дохил йирик банкларни ҳамда мудофаа ва энергия ширкатларини, шу жумладан Роснефтни нишонга олган.

Россия президенти Владимир Путин санкциялар АҚШ-Россия алоқаларини "боши берк кўчага" тиқиб қўйишини айтган.

Оврўпо Иттифоқи ўз санкциялари тафсилотини июл ойи охирида эълон қилишини билдирган.

Бироқ, ОИнинг илова қилишича, бундан буён Оврўпо банклари Россиядаги лойиҳаларни молияламайди.

Янги жазо чоралари

АҚШ эълон қилган янги жазо чоралари аввалгиларидан сезиларли даражада кучлироқдир.

Дастлабки санкциялар Россия ва Украинадаги саноқли шахслар ва бир неча ширкатни ҳадафга олганди.

Бу галги рўйхатга банклар ва энергия ширкатлари қатори "Калашников" номли қурол-аслаҳа концерни ҳам киритилган.

Украина шарқидаги бўлгинчиларнинг икки гуруҳи - "Донецк Халқ Республикаси" ва "Луганск Халқ Республикаси" ҳам бу гал нишонга олинган.

Вашингтондан гапирган АҚШ президенти Барак Обама санкциялар "Россия Украинадаги инқирозни аритишга қаратилган ваъдалари устидан чиқмагани учун" жорий этилганини айтган.

"Бу санкциялар анча салмоқлидир. Улар Россияга иложи борича кучлироқ таъсир кўрсатишга қаратилган," - деб айтган Барак Обама.

"Украиналиклар ўз тақдирларини ўзлари белгилашлари керак", - дея таъкидлаган АҚШ президенти.

АҚШ санцялари Россия иқтисодиёти билан алоқаларни бутунлай узишни англатмайди.

Бироқ, АҚШ расмийлари огоҳлантиришича, Россия Украинага бостириб кирса, барча ришталар узилиши мумкин.

Бразилияга сафар қилаётган жаноб Путин жазо чоралари АҚШ-Россия алоқаларини "боши берк кўчага" тиқиб қўйишини айтган.

"Санкциялар қарши акс-садо беради ва, шубҳасиз, АҚШ-Россия алоқаларини боши берк кўчага тиқиб қўяди, жиддий зарар етказади," - деб айтган Владимир Путин журналистларга.

Брусселда Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари Россияга қарши жазо чораларини қўллашга келишиб олганлар.

Уларга кўра, нишонга олинувчи "ширкатлар ва шахслар" рўйхати июл ойи охирига қадар эълон қилинади.

Оврўпо Иттифоқининг айтишича, ОИ Сармоя Банки ва Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг Россияга янги сармоялари бекор қилинади.

Айни пайтда Украина шарқида оғир жанглар давом этмоқда.

Украин расмийлари маълум қилишича, ўтган бир кеча-кундуз давомида 11 украин аскари ҳалок бўлган. Россияпараст бўлгинчилар сафларидаги талафот миқдори маълум эмас.

Украина армияси апрел ойида мамлакат шарқини бўлгинчилардан тозалаш амалиётини бошлаганидан буён бир мингдан зиёд инсон ҳалок бўлган ва ўн минглаб инсонлар минтақани тарк этган.

Украинадаги инқироз Россия ва ғарб давлатлари ўртасида Совуқ Урушдан буён энг жиддий келишмовчиликни келтириб чиқарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ