Швед мергани украин армиясида нима қилади?

Image caption Микаэл Скилт ўзининг неонацистик қарашларини яширмайди

Микаэл Скилт – швед мергани. У швед армияси ва Миллий гвардиясида етти йил хизмат қилган.

Ҳозир Микаел Украина Ички ишлар вазирлиги "Азов" бўлинмасида россияпараст исёнчиларга қарши жанг қилмоқда.

Айтишларича, исёнчилар унинг бошига 5 минг евро мукофот пули қўйишган.

"Билмадим, - кулади Микаэл. – Балки, мен ўз ишимни яхши бажараётгандирман. Бу ерда мен – равзедка бўлинмаси қўмондониман, иловатан, ҳам мерганман ва ҳам тозалаш ишлари мувофиқлаштирувчиси".

У билан телефон алоқасидамиз, робита сифати яхши эмас. Микаэл қаердалигини бизга айтмайди. Унинг сиёсий қарашларини муҳокама қилишга ўтамиз. Хато қилмаслик учун ҳар бир жумлани бир неча бор такрорлаймиз. Суҳбат сўнгида қилган хулосамиз: Микаэл ўзини миллатчи деб атаса-да, аслида у – неонацист.

"Мени оқ танлилар ирқи тақдири қизиқтирмайди, десам аҳмоқчилик бўларди, - дейди у. - Иккинчи жаҳон урушидан кейин ғолиблар нимани гапириш мумкину нимани мумкин эмас деган масалада ўз тартибларини ўрнатишди. Мисол учун, мен оқ танлиман ва бундан фахрланаман, дея олмайман".

Микаэл ирқларнинг аралашувига қарши ва яҳудийларни оқ танли деб ҳисобламайди. Бунга иловатан у Сурияга бориб, президент Асад томонида жанг қилиш ниятида. Микаэлнинг ўзи айтмоқчи, Асад халқаро сионизмга қарши курашмоқда.

Тасодифий либерал

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Азов" бўлинмаси неонацист рамзлар билан маросимлар ўтказиб туради

"Азов" бўлинмасидаги жангчиларнинг кўпи Микаэл қарашларига қўшилади, деб айтиш қийин.

"Биз бу ерда сиёсат ҳақида гаплашмаймиз, бунга вақт йўқ. Албатта, бу ерда национал-социалистлар бор. Улардан баъзилари свастикада юришса, ажабланмайман. Лекин улар орасида бир либерал ҳам бор, - кутилмаганда илова қилади Микаэл кулиб. – У бу ерга қандай тушиб қолганини ҳам билмайман".

"Азов" бўлинмаси таркибида 300га яқин жангчи бор. Улар орасида хорижликлар бармоқ билан санарли. Микаэл уларнинг адади яқинда кўпайиб қолишига умид қилади.

"Бўлинмамизга ҳозир хориж фуқароларини ёллаш билан шуғулланадиган одам келган," - дейди Микаэл.

Унинг айтишича, хорижликлар хизмат ҳақи олишмайди.

"Улар яхши мақсад учун жанг қилишни севишади, холос" - дейди швед мергани.

"Азов" бўлинмаси Украина Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоат тартибини сақловчи махсус бўлинма сифатида таъсис этилган.

Ҳозирда бу бўлинма Украина шарқида аксилтеррор амалиётида иштирок этмоқда.

Бўлинма қўмондони - Андрей Белецкий, унинг муовини эса - Игорь Мосейчук.

Белецкий, шунингдек, социал-миллий ассамблеяга бошчилик қилади. Ассамблеянинг асосий ғояси – аксилдемократик ва аксилкапиталистик тузум - "нациократия"ни барпо этиш билан оқ танлилар ирқини ҳимоя қилиш.

Кимнинг қўлига қурол беришганини билишармикан, деган ўйда Украина Ички ишлар вазирлигига телефон қиламиз.

Вазир маслаҳатчиси Антон Геращенко бизнинг ножўя саволимиздан дарғазаб бўлади: "Бу Украина ватанпарварлари партиясидир. Бойвачча оврўполиклар Украинага ёрдам бериш ҳақида қуруқ гап сотаётган бир пайтда, улар ўз жонларини ва соғликларини қурбон қилишмоқда! У ёки бу партияга мансублик ҳақидаги саволларни бериш ўрнига Англия фуқаролари қачон президент Путин юбораётган террорчиларга қарши курашда бизга ёрдам беришни бошлашади? Бу одамлар бизнинг тинч фуқароларимизни ўлдиришга келган террорчиларга қарши жанг қилишмоқда!"

"Яна қандай саволлар бор?" - дея сабрсизланиб, аммо киевликларга хос хушмуомалалик билан сўрайди вазир ўринбосари.

"Украина ҳудудида жанг қилаётган хорижий фуқаролар борми?" - сўраймиз ундан.

Аммо, вазирлик маълумотига кўра, бундай фуқаролар йўқ экан.

"Швеция, Италия ва бошқа давлатлар фуқаролари "Азов" бўлинмасига хорижий журналистлар сифатида ҳамроҳлик қилишади. Улар ўз журналлари ва ижтимоий тармоқларига мақолалар ёзишади. Бу - журналистик фаолият".

Микаэл Скилтнинг Facebook саҳифасига қараймиз ва унинг автомат билан тушгани суратини кўрамиз.

Тажрибали швед мергани Киевда уни оддий блоггер деб ўйлашларидан қанчалар ранжиса.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Азов" бўлинмаси июн ойида Мариуполда бир гуруҳ бўлгинчиларни асирга олганди

"Азов" бўлинмаси ҳақидаги кўпсонли мақолалардан бўлинмада ғоявий неонацистларнинг кам эканини англаш мумкин. Украинада бўлиб ўтган барча президентлик сайловларига қараладиган бўлса, украин сайловчиси на нацист, на ўта ўнг қанот ва на ўта миллатчи қарашларни дастаклашини кўриш мумкин.

Аммо неонацистларни, яна қўлидаги қурол билан, демократия ҳимоясига чорлаш мумкинми? Биз бу одамларнинг мутлақо бошқа мақсадлари борлигини биламиз.

Ўта ўнг қанот ҳаракатлар бўйича таниқли эксперт Антон Шеховцов фикрича, Киев бу масалани жиддий кўриб чиқиши керак.

"Неонацистлардан шарқий Украинага бўлган хавф, бўлгинчи-экстремистларникидан кам эмас", - дея огоҳлантиради у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02