Исроил билан Ҳамас оташкесимга эришмаганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Юқори лавозимли Исроил расмийсининг Би-би-сига айтишича, Исроил билан Ғазо ўртасида ҳар томонлама оташкесимга эришилган.

Ўт очишни тўхтатиш келишуви жума куни маҳаллий вақт билан эрталабки соат 6 да бошланиши эълон қилинган.

Бироқ Ҳамас томони ҳам, кейинроқ Исроил Ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман ҳам ўт очишни тўхтатишга келишилмаганини айтиб чиққанлар.

Оташкесим бўйича музокаралар Мисрда давом этаётгани хабар қилинган.

Исроил билан Ғазо бўлгасини назорат қиладиган Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи пайшанба, 17 июл куни "инсонпарварлик оташкесими"га келишганлар.

Кундузги соат 10 дан соат 15 гача томонлар ўт очишни тўхтатишга, Ғазодаги аҳолига озиқ-овқат, бошқа зарур маҳсулотларни ғамлаб олишга имконият беришга рози бўлганлар.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонларни ана шу оташкесимга чақирган эди.

Ғазо бўлгасидаги мухбирларнинг хабар қилишича, вақтинча ўт очишни тўхтатиш бошлангани эълон қилинганидан кейин аҳоли яшайдиган жойларда автомобиллар сигналлари, инсонларнинг овозларини эшитиш мумкин бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ғазоликлар банклар олдида навбатларни ҳосил қилганлар, дўконлардан озиқ-овқат ва бошқа егуликларни сотиб олишга шошилганлар.

Оташкесим келишуви эълон қилинганидан икки соат ўтиб Исроил Ҳамас гуруҳи миномётлардан Ғазодан туриб Исроил ҳудудини ҳужумга тутгани ҳақида хабар тарқатган.

Исроил тарафи бунга жавобан чора кўрмаган.

Бундан олдин агар ўт очиладиган бўлса, Исроил шу заҳоти қайта ҳужум билан жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирган эди.

8 июлда Исроил бошлаган Ғазо ҳудудини бомбалашлари оқибатида 227 инсон ҳалок бўлган.

Исроил бўлгадан ўз ҳудудини ракеталар билан ҳужумга тутаётган Ҳамас қуроллиларига қарши ҳаво ҳужумларини амалга ошираётганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бироқ БМТга кўра, Ғазода ҳалок бўлганларнинг аксари тинч фуқаролардир.

Шу пайтгача Ҳамас Исроил тарафга 1200 дан ортиқ ракета отгани, оқибатда бир исроиллик ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Исроил Ҳамасни ўз ҳарбий истеҳкомларини тинч фуқаролар яшайдиган бинолар орасида қуришда айблаган.

Чоршанба куни Ғазо денгиз соҳилида ўйнаётган тўрт ўғил бола Исроил ҳарбий кемалари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.

Ҳамас вакили буни ҳарбий жиноят деб атаган ва БМТдан бу ҳужумни қоралашни талаб қилган.

Исроил мудофаа вазирлиги ушбу ҳодисани текширишини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ