MH17 ҳалокати: йўловчи учоқларининг уриб туширилиши

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Malaysia Airlines ширкатининг Украина шарқида ҳалокатга учраган учоғи уриб туширилгани ҳақидаги хабарлар манзарасида Би-би-си йўловчи учоқлар билан боғлиқ ҳалокатлар тарихига назар ташлади.

Сибир ҳаво йўллари 1812 рейс, 2001 йил октябр

Сибир ҳаво йўлларининг Россия-Тел-Авив йўналиши бўйича Новосибирскка учган учоғи 2001 йил 4 октябрда уриб туширилган ва Қора Денгизга қулаган. Учоқ бортидаги 78 йўловчининг ҳаммаси ҳалок бўлган. Украина ҳарбийлари дастлаб ҳалокатга алоқадорликларини рад қилишади.

Бироқ кейинроқ учоқ "қора қути"лари ўрганилгандан сўнг, Украина расмийлари ҳарбийлари амалиёт пайтида учоқни хато туфайли уриб туширганларини тан олганлар.

Эрон ҳаво йўллари 655 рейс, 1988 йил июл

Image caption Эрондаги авиафожеада ҳалок бўлганлар дафн маросимида.

Эроннинг Дубайга парвоз қилган Airbus A300 учоғи 1988 йил 3 июлда Форс бўғози устида ҳалокатга учрайди. Учоқ Эронга 1979 йил инқилобидан олдин сотилган қирувчи F-14 деб тахмин қилингани боис, нишонга олинади. Американинг қирувчи учоғидан отилган икки ракета 290 йўловчи ва экипаж аъзоси бўлган учоқни сувга қулатади. Эрон бу воқеани "қирғин" ва "ваҳшийлик" деб атаган. Айни вақтда АҚШ ўз ҳаракатини тушунмовчилик дея оқлаган. Эрон 1996 йил АҚШга қарши ишни Халқаро Маҳкамага олиб чиқишга эришган. Кейинроқ Америка ҳукумати қурбон бўлганларнинг оилаларига компенсация тўлашга рози бўлган.

Корея Ҳаво йўллари 007 рейс, 1983 йил сентябр

Корея авиаширкатининг Йью Йоркдан Сеулга йўналган ҳаво кемаси 1983 йил 1 сентябр куни совет қирувчи учоғининг ҳужумига учрайди. Бортдаги 269 йўловчи ва экипаж ҳалок бўлади. Маълумотларда, учоқ курсини ўзгартирганда, совет ҳудудига тасодифан тушиб қолади ва отиб туширилгани айтилади.

Совет раҳбарлари дастлаб учоқнинг уриб туширилганини инкор қилишган, сўнгра ҳодиса содир этилганини тан олиб, учоқ жосуслик миссиясида бўлганини таъкидлашади.

Ливия Араб ҳаво йўллари 114 рейс, 1973 йил феврал

Libyan Airlines нинг Boeing 727-200 учоғи Исроил қирувчилари томонидан Мисрнинг Синай саҳроси устида 1973 йил 21 февралда қулатилади. Айтилишича, учувчилар ноқулай об-ҳавода адашган ва учоқ Исроил назоратидаги Синай ҳаво ҳудудига кириб қолган. Огоҳлантирув ўқи ва ердан берилган сигналлардан кейин икки Исроил қирувчиси учоқни мўлжалга олади. Бортдаги 113 йўловчидан фақат беш киши, жумладан учувчи ҳам тирик қолади.

Cathay Pacific Airways С-54, 1954 июл

1954 йил 23 июлда Бангкокдан Гонконгга йўналган Skymaster учоғи Хитой ҳарбийлари томонидан Хайнан ороллари қирғоғида уриб туширилади. 19 йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган учоқда 10 киши ҳалок бўлади. Хитой уни жосуслик учоғи дея нишонга олинганини билдиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ