АҚШ дрон ҳужумида 'ўзбек жангарилари ҳам ўлдирилди'ми?

Шимолий Вазиристондаги Толибон қўмондонининг 'Reuters' ахборот агентлигига айтишича, худди шундай: Датта-Хелдаги дрон ҳужумида панжоблик толиблар билан бирга ўзбек жангарилари ҳам ўлдирилган.

Покистонлик хавфсизлик мулозимларининг ўзлари эса, америкаликлар ҳужумида камида саккиз нафар жангари ҳалок этилганини айтишаркан, уларнинг шахсларини очиқлашмаган.

Америка томони ҳам, ҳозирча, бу хусусда жим.

Эслатиб ўтиш жоиз, сўнгги дрон ҳужуми Покистон Қуролли кучлари қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасида йирик ҳарбий амалиётлар олиб бораётган бир манзарада кузатилган.

Агар, Покистон ҳарбийларининг ўз сўзларига таянилса, махсус амалиётлари маҳаллийси бўладими ёки хорижийси, минтақадаги барча жангариларни йўқ этишга қаратилган.

Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи Вазиристон минтақаси эса, йилларки, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати учун ҳам бошпана вазифасини ўтаб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистондан Покистонга қочиб ўтган ва Толибон ҳаракати раҳнамолиги остида улар назорати остида бўлган қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасида жон сақлашганди.

Ҳаракатнинг сўнгги йилларда Марказий Осиё чегараларига яқинлашишга ҳаракат қилаётгани ва шу мақсадда минтақадан янги жангарилар ёллашга уринаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Орада, яъни 2009 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосчиси Тоҳир Йўлдош ҳам америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилган.

Бунинг ортидан, унинг ўрнига тайинланган куёви Усмон Одил ҳам орадан кўп ўтмай, ҳалок этилганди.

Ҳозир Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Усмон Ғозий исмли шахснинг раҳбарлик қилаётгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўртасида жудаям кучли мафкуравий ва диний муштараклик мавжуд.

Уларга кўра, бу икковлон Ўзбекистон учун безовталик омили бўлиб қолаверади ва хорижий қўшинлар Афғонистонни буткул тарк этса, улар солаётган хавф таҳдид даражасига ҳам ўсиб етиши мумкин.

Покистон ҳарбийлари бераётган маълумотлар орасида ҳозирча на-да Толибон ва на-да Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг лидерлари ҳақида бирор бир сўз йўқ.

Минтақадаги мухбирларимиз уларнинг Шимолий Вазиристоннинг ҳалича Покистон ҳарбийларининг оёғи етмаган ҳудудлари ёки Жанубий Вазиристонга қочиб ўтишганини тахмин қилишади.

Айрим хабарларда эса, айниқса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати етакчиларининг қўшни Афғонистоннинг Хост вилоятидан бошпана топганликлари ҳам айтилганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги хабарларга ойдинлик киритиш учун Покистондаги мухбири Раҳимуллаҳ Юсуфзай билан боғланди:

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Қўлимизда амалга оширилган ҳужумнинг барча тафсилотлари йўқ. Чунки журналистларнинг Шимолий Вазиристонга боришларига изн йўқ. Устига устак, минтақанинг ўзида ҳам бирорта мухбир фаолият олиб бормайди. Асосий манба - фақат Покистон Қуролли кучлари. Шунинг учун ҳам, бу каби хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ. Тўғри, ўтган яқин кунлар ичида Датта-Хелда иккита дрон ҳужуми амалга оширилди. Покистонлик масъуллар ҳар икки ҳужумда ҳам ўлдирилганлар орасида ўзбек жангарилари борлигини иддао этишмоқда. Лекин уларнинг шахслари, қай бир гуруҳга мансубликлари ва нима учун ўлдирилганликлари борасида ҳеч нарса маълум эмас. Шундай экан, бу хабарларнинг рост-ёлғонлиги ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин.

Би-би-си: Покистон Қуролли кучлари-чи, улар Шимолий Вазиристонда нималарга муваффақ бўлишмоқда? Ҳарбий амалиётлари улар кутганчалик самара бермоқдами?

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Агар, Покистон армиясининг даъволарига ишонилса, амалиётлари муваффақиятли кечмоқда. Уларнинг айтишларича, беш юздан ортиқ маҳаллий ва хорижий жангарини ўлдиришган. Уларнинг кўплаб бошпаналарини вайрон қилишган. Ўнлаб жангарилар таслим бўлишган. Ўзлари эса, бор-йўғи ўттизга яқин аскарларини бой беришган. Ҳарбийларга кўра, амалиётлар бошланган 15 июндан буён Шимолий Вазиристон маркази Мироншоҳни жангарилардан тозалашган. Ҳозир эса, минтақанинг иккинчи йирик шаҳри - Миралидан жангариларни қувиб чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Аммо, яна бир бор такрорлайман, журналистлар буларнинг барчасини ўз кўзлари билан кўришга имконсизлар. Тўғри, бир марта журналистларни Исломободдан тикучарда Шимолий Вазиристонга олиб боришди. Аммо фақат ўзлари истаган нарсани кўрсатишди. Агар, беш юздан ортиқ жангари ўлдирилган бўлса, уларнинг кимликлари очиқланмаган, жасадлари ва қабрлари йўқ. Таслим бўлгани айтилаётганлари ҳам оммавий-ахборот воситаларига кўрсатилганича йўқ. Тўғри, Покистон ҳарбийлари Мироншоҳ, Мирали ва Бояга кириб боришган. Аммо, ҳалича, Шимолий Вазиристонннинг қолган етти ҳудудига оёқлари етмаган. Америка, шу боис ҳам, у ерларда ўз дрон ҳужумларини амалга оширмоқда.

Би-би-си: Хабарларга кўра, Афғонистон хавфсизлиги учун жуда катта таҳдид сифатида кўрилувчи ва ўзининг худкушлик ҳужумлари билан ном чиқарган "Ҳаққоний" тармоғи бу амалиётлардан умуман зарар кўрмабди? Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?

Раҳимуллаҳ Юсуфзай: Бу хабарлар тўғри. Чунки Покистон Қуролли кучлари "Ҳаққоний" тармоғи фаол бўлиб келган ҳудудларга кириб борганича йўқ. Улар ҳарбий амалиётларининг дастлабки босқичида бор эътиборларини Мироншоҳ, Мирали ва Бояга қаратишган. Асосий нишонлари ҳам Покистон Толибон ҳаракати, "Ал-Қоида" ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари бўлмоқда. Худди шу боис ҳам, шу пайтда "Ҳаққоний" тармоғига унчалик диққат қилишаётгани йўқ. Лекин америкалик ҳарбийлар уларни дрондан ҳужумга тутишга ҳаракат қилишмоқда. Покистон ҳарбийлари амалиётларининг кейинги босқичида уларга эътибор қаратишса керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ