Обама Исроилни Ғазодаги амалиётларни авж олдирмасликка чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Исроил ўқлари остида ўлаётганларнинг аксари оддий одамлар

АҚШ Президенти Барак Обама Исроилнинг ўзини мудофаа этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади, бироқ Ғазодаги ҳарбий амалиётларни авж олдирмасликка чақирди.

Жума куни Бош Вазир Бенямин Нетаняҳу билан суҳбатида у Исроилнинг фаластинлик жангариларга қарши ўзини ҳимоя қилишга ўз дастагини изҳор қилди.

Лекин, у, фаластинликлар орасидаги талафот кўрсаткичи 300дан ошар экан, оддий одамларнинг нобуд бўлаётганидан "ўта хавотирда" эканини билдирган.

Шанба тонгида юз берган икки айри ҳодисада 15 фаластинлик, хусусан бир оиланинг саккиз аъзоси ҳалок бўлган.

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун Исроил ва Ҳамас орасида воситачилик қилиш учун шанба куни минтақага келиши кутилади.

БМТнинг сиёсий масалалар бўйича мулозими Жеффри Фелтман Исроилнинг жавоби мавжуд хавфга номутаносиб эканини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳаводан ҳужумларда оддий одамларнинг уйлари вайрон бўлмоқда

"Исроилнинг хавфсизлик хавотирлари асосли ва биз Ғазодан Исроилга ракеталар отилишини қоралаймиз. Лекин, биз Исроилнинг ҳаддан ошиқ қаттиққўл жавобидан безовта бўлаяпмиз", - деди у.

Жаноб Нетаняҳу Ғазодаги пиёда қўшинлар амалиётининг кўлами кенгайтирилишини айтган, аммо Ғазони назорат қилувчи Ҳамас ҳаракати Исроилга бу қимматга тушишини айтиб огоҳлантирди.

Исроил Ҳамас чегара оша отаётган ракеталарни 10 кун давомида ҳаводан ҳужумлар билан тўхтата олмагач, қуруқликдаги амалиётларни бошлаган.

Айни дамда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Туркия ва Қатардан Ҳамасни Миср таклиф қилган оташкесим келишуви шартларини қабул қилишга ундашни сўраган.

Исроил пайшанба куни қуруқликдаги амалиётларини бошлаганидан бери камида 60 фаластинлик нобуд бўлган.

8 июлдан бери бир Исроил аскари ва бир Исроил оддий фуқароси ҳалок бўлган, ва бир неча исроилликлар оғир жароҳатланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer