Малайзия учоғидаги 196 инсоннинг жасади топилган

  • 20 Июл 2014
Image copyright AFP

Украинадаги фавқулодда хизматлар ходимлари "Малайзия Ҳаво йўллари" авиаширкатининг MH17 учоғи ҳалокатга учраган жойда 196 инсоннинг жасадини топганлар.

Учоқда жами 298 инсон бўлган.

Хабарларга кўра, ер сатҳидан 10000 метр баландликда парвоз қилаётган "Боинг-777" йўловчи учоғи россияпараст бўлгинчилар назорати остидаги Донецк вилоятида ракета билан уриб туширилган.

Ғарб мамлакатлари бўлгинчиларни учоқ қулаган жойга ўтишга чеклов киритганлари учун танқид қилганлар ва Россиядан бўлгинчиларга босим ўтказиш сўралган.

Халқаро кузатувчилар 20 июл куни ҳам ҳалокат жойига боришлари хабар қилинган.

Украина ва россияпараст бўлгинчилар бир-бирини Амстердамдан Куала-Лумпур шаҳрига парвоз қилаётган "Боинг-777" учоғини уриб туширишда айбламоқдалар.

АҚШ Давлат Департаменти инсонлар жасади ва учоқнинг айрим қисмлари ҳалокат жойидан олиб кетилгани ва далиллар йўқотилаётгани ҳақида бир неча хабарлар тарқалгани ҳақида билдирган.

Image copyright Reuters

Ҳодиса жойида бўлган Би-би-си мухбирлари хабар қилишларича, ҳалокат жойи талаб қилинганидек ўраб олинмаган.

Би-би-сига маълум бўлишича, айрим жасадлар ҳалокат жойига яқин бўлган бўлгинчилар назоратидаги Торез шаҳрига олиб кетилган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти сўзчиси айтишича, жасадларнинг аксари музхонали темир йўл вагонларига жойлаштирилган.

Бироқ вагонлар қаёққа йўл олиши номаълум.

"Малайзия Ҳаво йўллари" ширкати эълон йўловчилар рўйхатига кўра, учоқда 193 Ҳолландия фуқароси(бир инсон ҳам Ҳолландия ва ҳам АҚШ фуқароси бўлган), 43 Малайзия фуқароси, улардан 15 нафари экипаж аъзоси, 27 Австралия, 12 Индонезия, 10 Британия(бир киши ҳам Британия ва ҳам Жанубий Африка республикаси фуқароси), тўрт Олмония, тўрт Белгия, уч Филиппин, бир Канада, бир Янги Зеландия фуқароси бўлган.

Якшанба кунги насроний ибодатхоналаридаги ибодатларда Малайзия учоғи қурбонларини хотирлаш маросимлари бўлиб ўтган.

Бу мавзуда батафсилроқ