Россиянинг уч машҳур қўшиқчиси энди Латвияга киритилмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Латвия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг уч эстрада қўшиқчиси - Олег Газманов, Иосиф Кобзон ва "Валерия" тахаллуси билан ижод қилувчи Алла Перфиловани Латвияга кириши ман этилган хорижликлар рўйхатига киритган.

Бу ҳақидаги хабар вазирликнинг сайтида эълон қилинди.

Унда айтилишича, мазкур россиялик хонандаларга Оврўпо Иттифоқи аъзоси бўлган Латвияга кириш номаълум муддатга чекланган.

"Бу шахслар ўз амаллари билан Украина ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллиги бузилишига ёрдам бердилар", - дейилади Латвия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Унда таъкидланишича, вазир Эдгарс Ринкевичнинг қарори Мухожирлик бўйича қонуннинг 61-моддасига асосланиб қабул қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Газманов ҳали чекловдан бехабар

Би-би-сининг рус хизмати билан суҳбатида Олег Газмановнинг админиcтратори Дмитрий Царенко жаноб Газманов ҳали режаларини ўзгартирмагани ва ҳали ҳам Юрмалага боришни мўлжаллаётганини билдирди.

"Ҳали ҳеч ким ҳеч қанақа режани ўзгартирмади. Менга ҳеч ким Латвия элчихонасидан, ёки бошқа жойдан қўнғироқ қилгани йўқ, шунинг учун режаларимиз ўша-ўша. Энди суриштириб кўраман", - деди Царенко.

Айни дамда Валерия жорий йилнинг октябрида Британия пойтахти Лондоннинг нуфузли "Royal Albert Hall" концерт залида "Валерия ва дўстлари" номли концерт дастурини бермоқчи.

Кобзон, Газманов, Валерия, Азиза ва қатор бошқа қўшиқчилар Владимир Путиннинг Украинага нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватлаб матбуотда чиқишлар қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer