Ғазо уруши: БМТ Бош котиби жангларни тўхтатишга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption БМТ Бош котиби Пан Ги Мун

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун Ғазодаги қарама-қаршиликларга барҳам бериш учун Исроил ва Фаластин тарафини "жангни" тўхтатиш ва "мулоқотни бошлаш"га чақирган.

Жаноб Пан дипломатик саъй-ҳаракатлар кучайтирилиши манзарасида Исроилга борган.

Расмийларга кўра, Ғазода сўнгги низолар бошланганидан бери 600дан ортиқ фаластинлик ўлдирилди. Исроил томони эса, талофатлари 30га етиб қолганини айтади.

Аввалроқ, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Миср режаси устқуртмаси бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

Чоршанба кунга қадар Мисрда қолиши кутилаётган Жон Керри Қўшма Штатлар Фаластинда берилаётган талофатлардан ташвишда эканидан сўз юритган, аммо Исроил ҳарбий амалиётлари "мақбул ва қонуний" дея дастаклаган.

Шунингдек, у Америка Ғазодаги "инсоний инқирозни юмшатиш учун" 47 миллион доллар ёрдам жўнатаётганини билдирган.

АҚШ Давлат котиби Қоҳирада Миср расмийлари ва Араб Лигаси раҳбари Набил ал-Арабий билан музокаралар олиб бориши кутилади.

'Имкон қадар босиқлик'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жон Керри Мисрда

Бош вазир Бенямин Нетаняҳу билан берган қўшма матбуот анжуманида Пан Ги Мун Исроилни "имкон қадар босиқлик"ка чақирган. Айни пайтда у "ҳарбий амалиёт Исроил хавфсизлигини узоқ муддатга" мустаҳкамламаслигини қўшимча қилган.

БМТ Бош котиби фаластинликларни "зўравонликдан воз кечиш, Исроилни тан олиш ва олдинги келишувларни ҳурмат қилишга" ундаган.

Унинг сўзларига жавобан гапирган Бош вазир Нетаняҳу: "Ҳамас учун қайси ранжу аламларини аритишимиз керак? Уларнинг алами бизнинг мавжудлигимиздир", деб айтган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги 14 кун ичида 600дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган, 3, 640 киши яраланган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, ўлдирилган фаластинликларнинг аксари оддий аҳоли вакилларидир.

БМТ 100, 000дан ортиқ фаластинлик ўз ёрдам агентлигига тегишли мактаблардан бошпана топганини айтади.

Агентликка кўра, эвакуация ва ё бориб бўлмадиган ҳудудга оид огоҳлантиришлар Ғазо бўлгасининг 43 фоизига таъсир қилган.

Ғазо шаҳридан Би-би-си мухбири Ёланда Нелл хабари

Маҳаллий вақт билан ярим тундан бери 50га яқин фаластинлик ўлдирилди. Соғлиқни сақлаш расмийлари бизга шифокорлар Жабалияда нобуд бўлган ҳомиладор аёлнинг боласини сақлаб қолишга уринишгани ҳақида айтишди.

Ғазо шаҳридаги Би-би-си идораси яқинидаги "Тинчлик Минораси" турар-жой биноси вайроналари орасида жасадлар парчаларини кўриш мумкин. Ўтган тун бир оиладан 11 инсон ўлдирилди.

Би-би-си ходимларига айтилишича, Рафаҳ чегара кесиш нуқтасидан Миср томонга фақат икки нафар ярадор ўтказилган. Ортда хавфсаласи пир бўлган оломон қолган.

Кўплаб фаластинликлар ўта ҳолдан тойган ва қўрқув ичида. Улар фақат бу урушни ниҳоя топишини исташади.

Аммо, кўплар оташкесим шартлари Ғазо чегарасига Исроил ва Миср тарафидан киритилган чекловлар юмшатилишини ҳам ўз ичига олиши кераклигини айтишади.

Қуддусдан хабар қилади Би-би-си мухбири Крис Моррис хабари

Ғазодаги ушбу можарода ўлдирилган одамлар аксари Фаластин фуқаролари...

Бироқ, Исроил ҳарбийлари берган талофатлар сони кутилмаган даражада юқори - ҳозиргача 28 аскар нобуд бўлган.

Мазкур ҳолат бу ерда бирдамлик ҳиссини кучайтирган. Кўплар учун ҳарбий хизмат мажбурий ва қуролли кучларга нисбатан катта хайрихоҳлик бор.

Якшанба куни ўлдирилган аскарлардан бири Исроил-Америка фуқароси бўлган, унинг оиласи Қўшма Штатларда яшайди.

У дастаклаган футбол жамоаси Фейсбук орқали ўз ишқибозларига мурожаат қилиб, аскарни сўнгги йўлга кузатишга иштирок этишга чақирган. Дафн маросимига 20 минг киши келган.

Ғазода оддий инсонлар ўлими юқорилиги кўплаб исроилликларни ўнғайсиз аҳволга солади дейиш мумкин.

Бироқ, кўпчилик Ҳамасни Исроил ҳудудига сизиб кириши ва ракета отишини чеклашга қаратилган ҳарбий амалиётларга очиқ дастак кўрсатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ