Ироқ: Рақиб гуруҳлар ўртасида кибер-уруш авж олмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ироқда фуқаролар уруши баробарида рақиб гуруҳлар ўртасида кибер уруш ҳам кучаймоқда

Интернет хавфсизлиги билан шуғулланувчи ширкатлар ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Ироқда қуролли можаро баробарида кибер-уруш ҳам авж олмоқда.

Ижтимоий медиадан ўз тарафдорларини намойишга тўплаш ва ташвиқот мақсадларида фойдаланаётган баъзи гуруҳлар жосуслик маълумотларини тўплаш учун хакерларни ишга ёлламоқда.

Машҳур интернет ҳужуми программалари Ироқдаги йўллар ва бошқа тизимларни ишдан чиқаришга йўналтирилмоқда.

Кибер-ўғрилар шунингдек одамларни пистирмага тушириш учун сохта СМСларни юбормоқдалар.

"Маҳаллий можаро"

Жосуслик маълумоти тўплаш учун Ироқдаги маҳаллий гуруҳлар рақиб гуруҳларни вирусли программалардан ҳадафга олмоқдалар," - дейди Intel Crawler интернет хавфсизлигини таъминлаш ширкатининг бошлиғи Андрю Комаров.

"Муаллиф ким эканини аниқлаш жуда мушкул, чунки баъзи вирус ўрнатилган программалар ижтимоий манбалардан келади," - дейди жаноб Комаров. - "Бироқ, уларнинг бари хориждан эмас, балки Ироқ ичидан келаётгани шундоқ кўриниб туради. Бу ички кибер-уруш бошланаётганига далолат."

"Njrat" деб аталган вирусли программалардан бири баъзи гуруҳларга масофадан туриб машиналарни идора этиш имконини берадиган тармоқларни яратиш имконини берган.

"Njrat" вируси юқтирилган компютерларрдан ҳужумчилар файлларни ўғирлашмоқда ёки атрофда нима бўлаётганини билиш учун компютер камера ва микрофонларидан фойдаланмоқдалар.

Бу ҳужумлар бошқа мамлакатларда фойдаланилган ўхшаш вирусли программалардан фарқ қилади, дейди жаноб Комаров.

Унга кўра, компютерни вирусга тўлдириш ўрнига Ироқдаги хакерлар маълум бир шаҳарлар, гуруҳлар ва ҳаттоки оиалаларни нишонга олмоқдалар.

"Ҳужумларнинг ҳаммаси аниқ ҳадафга эга ва кўп ҳолларда маҳаллий рақиб гуруҳларга қарши қаратилган," - дейди жаноб Комаров. - "Ҳужумчилар эҳтимолий қурбонларнинг компютерларини ижтимоий медиа орқали вирусга тўлдиришади".

Ҳужумларнинг аксари асосан тўртта шаҳар - Бағдод, Басра, Мосул ва Эрбилда кузатилади.

"Бу ишни қилишдан мақсад маҳаллий рақиб гуруҳлар, мухолифат партиялари ёки ҳукуматга қарши маълумот тўплашдир," - дейди у.

Intel Crawler мазкур маълумотни Ироқ кибер фазосидаги фаолиятни кузатиш асносида тўплаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ