MH17 йўловчилари жасадлари Харьковга етказилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинада учоқ ҳалокати жабрдийдалари жасадлари қолдиқлари исёнкорлар назоратидан ташқаридаги Харьков шаҳрига етказилган.

Малайзия ҳаво йўлларига тегишли учоқ уриб туширилганига оид айбловлар манзарасида жасадларни топшириш юзасидан халқаро босимлар кучайганди.

Аввалроқ исёнкорлар учоқ "қора қути"сини Малайзия расмийларига беришганди.

"Боинг 777" русумли учоқ пайшанба куни Украина шарқидаги исёнчилар назоратида остида бўлган ҳудудга қулаб тушган. Учоқдаги 298 инсоннинг барчаси ҳаётдан кўз юмган.

Жабрдийдаларнинг кўпи Холландия фуқаролари бўлишган. Хабарларда айтилишича, Харьковга етказилган жасадлар қолдиқлари энди нобуд бўлганлар шахсларини аниқлаш учун Холландияга етказилади. Украина ҳукумати жасадларни сешанба куни Ҳолландияга етказиш учун бор имкониятини ишга солишини айтган.

Халқаро доирада ҳалокат саҳнаси етарлича ўраб олинмагани ва ўта муҳим далиллар йўқолиб кетиши мумкинлигидан хавотирлар билдирилганди.

Ғарб давлатларига кўра, парвоз рақами "MH17" бўлган учоқ исёнкорлар тарафидан Россия тарафидан берилган ракета қурилмаси воситасида уриб туширилганига оид кўплаб далиллар қўлга киритилмоқда.

Аммо, Россия Украина ҳукумати кучларини айблайди.

Жазо чоралари

Айни пайтда Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россия Украинадаги исёнчиларни дастаклаётганини айтиб, унга қарши навбатдаги жазо чораларини кўриб чиқиш учун учрашишмоқда. Москва Украина шарқидаги қуроллиларни қўллаб-қувватлаётганига оид айбловларни рад этади.

Брюсселдаги йиғинда жазо чоралари билан нишонга олинган Россия расмийлари рўйхатини кенгайтириш масаласи муҳокама қилиниши мумкин.

Аммо ҳозирга қадар ОИ Россия иқтисодининг алоҳида соҳаларини тўлалигича қамраб олиши мумкин бўлган жазо чораларини киритишга шошилмаяпти.

Ҳам Оврўпо Иттифоқи ва ҳам Қўшма Штатлар Қримни қўшиб олгани ва Украина шарқидаги ноқарорликларнинг бошланиб кетиши ортидан Россияга қарши санкциялар киритишди.

Би-би-сиЎзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ