'Жаҳон Кубоги ўйинлари Россияда ўтказилмаслиги керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Британия Бош вазири ўринбосари Ник Клеггнинг айтишича, Украина шарқида юз берган учоқ ҳалокати бўйича жорий этиладиган жазо чоралари бир қисми ўлароқ Россия 2018 йилги футбол бўйича Жаҳон Кубоги мусобақаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши керак.

Буюк Британиялик сиёсатчи бу ҳақда "Санди Таймс" (Sunday Times) газетасига гапираркан, Россиянинг футбол байрамига мезбон қилиши "хаёлга келтириб бўлмас" деб айтган.

Украина шарқидаги россияпараст жангарилар "Малайзия ҳаво йўллари" учоғини уриб туширганликда айбланади. Россия томони эса, бу Украина ҳарбийларининг иши бўлиши мумкинлигини даъво қилади.

ФИФА - Халқаро Футбол Уюшмалари Федерацияси 2018 йилги ўйинлар мезбонини ўзгартириш чақириқларини рад этган.

Олмония баъзи сиёсатчилари ҳам Россияни бойкот қилишга чақиришган, бироқ ФИФА 2018 йилги мусобақа "яхшиликка" хизмат қилиши мумкинлигини айтган.

MH17 рейси билан Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган "Боинг 777" самолёти 17 июль куни Украина шарқига қулаб тушган ва бортидаги 298 инсоннинг барчаси нобуд бўлганди.

Ғарб давлатлари Россияни учоқни уриб туширганликда айбланаётган исёнкорларни қуроллантиришда айблайди. Москва эса, айбловларни рад этади.

Жума куни Оврўпо Иттифоқи бўлгинчилик ҳаракатларига алоқадор кўрилган россияликларни нишонга олган навбатдаги жазо чораларини эълон қилди.

Дунё саҳнасидаги обрў

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Жаноб Клегг Россияга босим ўтказиш учун қатор чоралар кўрилиши кераклигини, футбол бўйича Жаҳон Кубоги мусобақаларини Россияда ўтказмаслик таҳдиди "жуда кучли ва рамзий жазо" бўлишини айтган.

"Агар Владимир Путин қайғуриши мумкин бўлган биргина нарса бўлса, бу унинг ўз обрўсидир", дея қўшимча қилган Британия Бош вазири ўринбосари Ник Клегг.

"Агар дунёни назар писанд қилмасанг, дунёдаги нуфузингни ўзидай сақлаб қололмайсан деб эслатиш керакдир, балки шу унинг фикрига таъсир қила олар", деб айтган Британиядаги Либерал-Демократик партия раҳбари.

Даунинг Стрит воизига кўра, бош вазир "биз зудлик билан бойкот қилишимиз керак, деб ишонмайди", аммо "Россиянинг охирги пайтдаги ўзини тутиши боис, одамларнинг бу масалани кўтараётганлари ҳайратланарли эмас", деб айтган.

"Бу халқаро доирадаги ўрнига бундан ҳам кўпроқ путур етмасидан олдин Россия ўз йўналишини ўзгартириши муҳимлигини кўрсатади", дейди воиз.

Бундай чақириқларга жавобан чиқарган баёнотида ФИФА Жаҳон Кубоги "одамлар ва ҳукуматлар ўртасидаги амалий мулоқотлар учун, ижобий ижтимоий ривожланишларга хизмат қилувчи кучли катализатор" бўлиши мумкинлигини айтган.

Дипломатик тил

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бош вазир Камерун Клегг жанобларининг чақириғини қўллаб-қувватлайдими йўқми ҳали қоронғу

Аммо, жаноб Клегг фикрича, агар дунё раҳбарлари Президент Путин томонидан ҳеч бир ўзгаришлар бўлмай туриб, Жаҳон Кубоги ўйинларининг Россияда ўтишига қўйиб беришса, "ўта кучсиз ва мунофиқ"қа ўхшаб қоладилар.

Ник Клегга кўра, "у доимий равишда... халқаро ҳамжамиятнинг тоқатини тоқ қиладиган даражага олиб кела туриб, қўшни мамлакатни беқарорлаштириб, Украина шарқидаги қуролли бўлгинчиларни муҳофаза қилиб" турган бир пайтда 2018 йилги Жаҳон Кубоги мусобақаларига мезбонлик қилишдек шарафга эга бўлмаслиги керак.

Жаноб Клегг октябрга мўлжалланган Гран-При пойгалари ҳам Россияда ўтказмаслик лозимлигини айтган. Бироқ, Формула-1 раҳбари Берни Экклстоун режага мувофиқ иш тутишини билдирган.

Айни пайтда Клегг жаноблари 2018 йилги Жаҳон Кубоги ўйинлари учун Британия муқобил мезбон бўлиши эҳтимолини назардан соқит қилмаган. У мамлакатда талаб қилинган стадионлар, инфратузилма ва "иштиёқ" борлигини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Жорий йилги мусобақаларга Бразилия мезбонлик қилади

Аммо, у ўз чақириғидан бу мақсадни кўзламаётганини айтган.

Британиядаги бошқа яна бир сиёсатчи, мухолифатдаги Лейбористлар партияси ташқи ишлар вазири Дуглас Александр ҳам агар Россиянинг Малайзия учоғининг қулашига "бевосита масъуллиги"га оид далил пайдо бўлса, ФИФА ўз қарорини қайта кўриб чиқиши кераклигини айтади.

Би-би-си мухбири Росс Хоукинсга кўра, жаноб Клеггнинг изоҳлари Британиянинг Россияга нисбатан "дипломатик тили" ўткирлашиб бораётганига яна бир мисолдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ