Навальний: "Ҳайит нишонлайдиганларга қарши виза киритайлик"

Фото муаллифлик ҳуқуқи navalniy.com

Россиянинг бош мухолифатчиси Алексей Навальний Ийд ал-Фитр муносабати билан Россия кўчаларида ўқилаётган намозни мамлакатдаги миграция соҳасининг инқирозидан нишона эканини айтди.

Шахсий сайтида душанба куни чоп қилган мақоласида у Россия кўчаларида Рамазон Ҳайитининг нишонланиши тобора оддий ҳолга айланиб бораётганини айтади ва энди Москва аҳли ё Россия фуқаролари бир-бирини Ийд ал-Фитр билан табриклашларини пичинг билан тавсия қилади.

"Мен ҳам барча мусулмонларни Ийд ал-Фитр билан табриклайман, ва Россиянинг анъанавий мусулмонлари (татарлар, бошқирлар, доғистонликлар ва ҳоказо) Москва кўчаларидаги бу каби қилиқлар миграция сиёсатининг инқирозидан далолат беради деган фикримга қўшилишларига умид қиламан. Диндорлиги билан ажралиб турмайдиган йирик шаҳарга хориждан бу каби диндор аҳолининг оқиб келиши яхши ва соғлом нарса эмас", - деб ёзади у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Навальный муҳожирларга қарши курашни асосий дастурларидан бири этиб қабул қилган

Жаноб Навальнийга кўра, мусулмон давлатларидан ҳозирда визасиз Россияга келаётган муҳожирларга қарши виза тизимини киритиш керак.

Унинг айтишича, Марказий Осиё ва Қофқоз республикаларига нисбатан виза тизимини киритиш йўлида овозлар йиғилмоқда, ва шу кунгача овоз берганларнинг аксари бу ғояни қўллаб-қувватлайди.

"Бу қанчалик ёввойи кўринмасин, бу ташаббус ҳали жиддий даражада кўриб чиқилмаган. Келинг, 100 мингта овоз йиғайлик ва Россия ҳукуматига яна бир бор бу масалани эслатайлик", - дейди у.

Унинг айтишича, бутун Россия Украинадаги бандерачилардан қўрқиб қолган, лекин аслида бандерачилар "йироқда, мана бу эса биз билан абадий қолаяпти".

Россия ҳукумат идораларидаги коррупцияга қарши кураши билан ном чиқарган фаол Алексей Навальний 2013 йилда Москва ҳокимлиги сайловларида 27% овоз билан иккинчи ўринни эгаллаганди.

Ўзини миллатчи-демократ дея тарғиб қилувчи фаолнинг сиёсий платформаси муҳожирларга қарши чекловларни киритиш таклифлари ва чақириқлари юқори ўринни эгаллайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer