Украина: Учоқ қулаган жойда жанглар шиддатли тус олган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Исёнчилар қўлидаги Горловка шаҳрини армия ўраб олган

Украина шарқидаги ҳарбий амалиётлар Малайзия учоғи қулаган ҳудудга яқинлашган. Жанглар шиддатли тус олиши туфайли голландиялик терговчилар ва полициячилар иккинчи кундирки учоқ қулаган жойга ета олмай, Донецкка қайтишга мажбур бўлганлар.

Би-би-си муҳбири Том Барриж хабар қилишича, украин қўшинларининг асосий мақсади - стратегик жиҳатдан муҳим бўлган икки йўлни эгаллаб олиш. Украина қўмондонлиги айнан мана шу йўллар орқали бўлгинчиларга Россиядан қуроллар етказиб берилаётганига ишонади.

Душанба куни эрталаб украин қўшинлари Луганск ва Донецк вилоятларининг Россиянинг Ростов вилояти билан чегарасидаги Саур-Могила қўрғони устидан назоратни қайта қўлга олишга муваффақ бўлганларини хабар қилганлар.

Уларнинг айтишича, Россияпараст бўлгинчилар Украина армиясини мана шу тепаликдан ўққа тутганлар.

Қўшинлар Донецк вилоятининг Шахтёр ва Торез шаҳарлари, ҳамда Луганск вилоятининг Лутугино шаҳарларига киришга муваффақ бўлганлар.

Интерфакс-Украина агентлигига кўра, Украина қўшинлари Горловка шаҳри атрофига жойлашиб олганлар ва уни "озод қилиш"га шайланмоқдалар.

Айни дамда Голландия Бош Вазири Марк Рютте MH17 учоғи қулаган жойга халқаро ҳарбий миссияни йўллаш режаларини "нореалистик" дея тасвирлаган.

Жаноб Рюттега кўра, ҳарбий экспертлар билан суҳбатлар ортидан, бу каби қадам шундоқ ҳам хавфли вазиятни қиздириши мумкинлиги хулоса қилинган.

Аввалроқ Голландия ҳукумати қулаган учоқнинг қолган қурбонлари жасадларини қидириш ва тергов ишларини олиб бориш учун 40 нафар қуролли полициячиларни Украина шарқига юбориш нияти ҳақида билдирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer