Исроил Ғазодаги масжид ва мактабларни нишонга олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исроил Ғазони ҳаводан, сувдан ва қуруқликдан нишонга олган

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг огоҳлантириши ортидан Ғазо охирги уч ҳафтадаги энг қақшатқич ҳужумларга саҳна бўлган.

Исроил ўтган тун 60 та ҳаво ҳужумини амалга оширган, жумладан, учта масжид, мактаб ва боғчаларни нишонга олган.

Ғазо бўлгасидаги ягона гидро электр станциясига зарар етказилган.

Маҳаллий шифокорларга кўра, камида 60 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.

Бош вазир Нетаняҳу Исроил ўз мақсадларига эришгунига қадар ҳужумларни давом эттиришини айтган.

Телевидение орқали мурожаатида у жангариларнинг Исроилга сизиб киришларини тўхтатиш учун Ғазо-Исроил чегараси остидан қазилган ер ости йўлларини вайрон қилиш кераклигини таъкидлаган.

'Қутурган ит'

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун Исроил Ғазо шимолига ҳаводан варақалар ташлаб, аҳолини уйларини тарк этиш ҳақида огоҳлантирганидан ташвиш изҳор қилган.

Жаноб Панга кўра, БМТ агентликлари қўшимча қочқинлар оқимига бас келиш учун етарли заҳираларга эга эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Оятуллоҳ мусулмон дунёсини фаластинликларни қуроллантиришга чақирган

Исроил тинч аҳоли орасидаги талофатлардан қочиш учун шу каби огоҳлантириш берганини айтмоқда.

Фаластин расмийларига кўра, 8 июлдан буён 1115 нафар фаластинлик, асосан тинч фуқаролар ўлдирилган, Исроил эса 53 аскар ва уч фуқародан айрилган, улардан бири Тайланд ватандошидир.

Эроннинг руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий Исроилни "қутурган ит" деб таърифлаган ва бутун дунё мусулмонларини фаластинликларни қуроллантиришга чақирган.

"Токи улар қатлиомга қарши кураша билсинлар", деган Оятуллоҳ.

Вайроналар остига кўмилган

Исроил ўтган тун Ғазони ҳаводан, сувдан ва қуруқликдан нишонга олган.

Ғазо осмонида бомба яшинлари чақнаган ва тонгда шаҳар бўйлаб тутунлар кўкка ўрлаганини кўриш мумкин эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ғазодаги вайрон қилинган масжидлардан бири

Ҳужумларда 55 та уч вайрон бўлган, фаластин хавфсизлик мулозимларига кўра, улардан камида учтасида одамлар харобалар остида кўмилиб қолишган.

Шунингдек, Ҳамаснинг собиқ бош вазири Исмоил Ҳаниянинг ҳеч ким яшамайдиган уйи ҳам вайрон этилган.

Ҳужумдан сўнг Ҳамас веб саҳифасида эълон қилинган баёнотида жаноб Ҳания "менинг уйим бошқа биронта фаластинликнинг уйидан кўра азизроқ эмас", деб айтган.

"Тошларнинг вайрон қилиниши бизнинг иродамизни буколмайди ва биз озодликка эришгунимизга қадар қаршилик кўрсатишда давом этамиз", - деган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Ғазода қочадиган жой қолмаган

Исроил учоқлари учта масжид, Ҳамасга тегишли теле ва радиостанциялар, шунингдек, ҳукумат бинолари, жумладан, молия ва ички ишлар вазирликларини бомбалаган.

Фаластин расмийларининг Би-би-сига айтишларича, Ғазо бандаргоҳи ҳам вайрон қилинган ва иккита мактаб ва бир боғча бомбардимондан сўнг олов ичида қолган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги 24 соат ичида 110 инсон ўлдирилган, улардан 60 нафари маҳаллий вақт билан ярим тунда Исроил ҳужумига нишон бўлган.

Етти фаластинлик оила тундан омон чиқмаган.

Айни пайтда Ҳамаснинг ҳарбий қаноти тунда Исроил томонига 14 ракета отганини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ