МН17 қулаган жойга экспертлар ниҳоят етиб боришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Халқаро терговчилар ишига қақшатқич жанглар тўсиқ бўлиб келаётганди

Украина ҳукумати ҳарбий амалиётларни тўхтатиши ортидан халқаро экспертлар мамлакат шарқида МН17 учоғи қулаган жойга ниҳоят етиб борганлар.

Австралия ва Голландия полицияси мутахассислари Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг карвони таркибида етиб келишди.

Ҳукумат қўшинлари ва исёнчи кучлар ўртасидаги жанглар уларнинг ҳалокат ҳудудига етиб боришларига тўсиқ бўлиб келаётганди.

Австралия ҳукумати фожеа жойида 80дан ошиқ жасадлар қолаётганига ишонади.

Машиналардан чиқар эканлар, экспертлар икки ҳафта олдин нобуд бўлган йўловчиларни хотирлаб бир дақиқа сукут сақладилар.

Мутахассислар етиб келганида ҳам яқин орада портлаш овозлари эшитилган.

AFP журналисти ҳалокат жойидан 10 чақиримлик масофада "қудратли" портлаш юз бергани ва ҳавога қора тутун бурқсиб кўтарилганини айтди.

Россия авиацияси мутахассилар ҳам ҳалокат жойини бориб кўриш учун Украинага келганлар.

Аввалроқ Украина парламенти Малайзия учоғи қулаб тушган ҳудудга халқаро қуролли полиция жойлаштирилиши таклифини бир овоздан қўллаб қувватлаган.

Таклифга биноан, учоқ қулаган ҳудудга 950 нафар Голландия ва Австралия полициячилари жойлаштирилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer